Унинг яқинлари, яъни мана шу ташрифни ташкиллаштираётган одамлар тарқатаётган маълумотларга кўра, Али Маҳмуд Ҳасан Курдистоний икки кун пойтахтда бўлади, кейин Самарқанд ва Бухоро сари йўл олади.
Хўш, бу одам чиндан ҳам табибми, у ўша тарқатилаётган лавҳаларда кўрсатилаётгандек мўъжизакор хусусиятга эгами? (Аниқлик учун: фалаж бўлган одамнинг оёққа туриб кетиши ёки кўзи ожизнинг кўра бошлашига ҳам тиббий жиҳатдан, ҳам умуман мўъжиза сифатида қараш мумкин)
Бу одам Ўзбекистонга етиб келишидан аввалроқ етарлича шов-шув кўтарилди ва ўзига хос замин яратилди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди – дардига даъво топмаган юзлаб беморлар унга ёпишди, йўлларини тўсиб йиғлади, ҳаттоки тавоф қилиб юборди.
Афсуски, соддаликда ўзбекка етадигани бўлмаса керак. Беморлар ёки уларнинг яқинларидан бирортаси бу одамнинг аслида кимлиги, тиббиётга қандай алоқадорлигига қизиқмади.

Мулла Маҳмуд Ҳасан сўнгги бир неча йилда тилга тушди ва муқаддас Қуръон оятларини ўқиган ҳолда тиббиёт даволаш имконсиз дея тан олган касалликларни даволаб юбораётганига оид маълумотлар тарқатиб, катта машҳурликка эришди.
Унинг “Фейсбук”даги расмий саҳифасининг ўзидаёқ 225 мингдан ортиқ обуначилари борлиги бундай маълумотларга ишонувчилар ёки ишонишни истовчилар нақадар кўплигини англатади.
Асл миллати курд бўлган Мулла Маҳмуд Ҳасан ўзини Ироқнинг Арбил ҳудудида 26 йилдан бери табобат билан шуғулланиб келган шахс сифатида тақдим этади. Аммо ноёб қобилиятга эга бўла туриб, бунча узоқ вақт давомида расмий доираларда тан олинмагани қизиқ.
Шунингдек, у ўз фаолиятида мунтазам тазйиқларга учраётгани, асос солган тиббиёт маркази бир неча марта ёпиб ташланганини билдирган.
Бундан ташқари, ўзи тан олмаса-да, Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги ноқонуний фаолияти, бир неча кишини алдагани, фирибгарлик учун жавобгарликка тортилгани, қамалиб чиққани тўғрисида ҳам
















