Жамият | 15:55 / 05.04.2021
1473
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Агробанк»нинг мансабдор шахслари устидан жиноий иш қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида аҳолига иссиқхона қуриб бериш учун ажратилган маблағларни ўзлаштирган АТБ «Агробанк»нинг мансабдор шахслари устидан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, АТБ «Агробанк» Ғузор филиали мансабдор шахслари, 2019 йил сентябрь ойидан 2021 йил март ойига қадар 167 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида 2 миллиард 650 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратишни сўраб ёзган мурожаатларини қабул қилган.

Аммо уларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаган ва кредит ажратиш масаласини муҳокама қилмаган. Оқибатда, мурожаат қилган шахсларга кредитлар ажратилмасдан, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Бундан ташқари, фуқаро М.Қ. ва бошқаларга таъминотчи корхона томонидан иссиқхона қуриб берилмаган бўлса-да, банк ходимлари «иссиқхона қуриб бериш учун» 60 миллион сўм имтиёзли кредитни таъминотчи ҳисобрақамига ўтказиб, кредит маблағини ўзлаштиргани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан АТБ «Агробанк» Ғузор филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми ва бошқа моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид