Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан вазирликнинг Ички аудит хизмати томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани давлат мактабгача таълим ташкилотида 2021 йил январ ойида ўрганиш ўтказилди. 1-сонли ДМТТ директори Э.Бекбергенова ўз лавозимида 31.01.2018 йилдан 21.12.2020 йилга қадар ишлаб келган. Директор устидан ходимлар томонидан келиб тушган шикоятларни ўрганиш мақсадида Ишчи гуруҳ шакллантирилган.
Ўрганиш давомида МТТ раҳбари томонидан 399,2 млн сўмлик молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Жумладан:
- ДМТТга ҳар хил лавозимларга ишга расмийлаштирилган 5 нафар фуқаро ДМТТда ишламаган ва вазифа бажармаган бўлса-да, уларнинг номига 24,0 млн сўм иш ҳақи ёзилиб тўланган;
- 2018-2021 йилларда 33 нафар ходимнинг мутахассислиги тўғри келмаса-да, қўшимча иш вазифалари нотўғри юкланиб ҳамда ушбу вазифалар бажарилмаган бўлса-да, уларга 28,9 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланган;
- 16 нафар ходимга 1,0 бирликдан ортиқ иш-вазифалар юкланиб, тўланган 46,9 млн сўм иш ҳақи ходимлар тушунтириш хатларига кўра “CLICK” хизмати орқали ДМТТ мусиқачиси ва ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига ўтказиб берилган ҳамда шундан 8,5 млн сўм иш ҳақи ҳақиқатда бажарилмаган иш ҳажми учун тўланган.
ДМТТда 1,0 бирликда методист лавозимида ишлаган Г.Отеповага 2020 йил январ ва феврал ойларида меҳнат қонунчилигига зид равишда туман МТБ томонидан қўшимча 0,5 бирлик иш юритувчи ва 0,5 бирлик сектор бошлиғи вазифалари юклатилган ва 838,5 минг сўм ўриндошлик учун ортиқча тўланган, Г.Отеповага 2019 йил ноябрдан 2020 йил феврал ойигача ДМТТдаги методист вазифаси учун тўлангани расмийлаштирилган иш ҳақининг 60 фоизи, 7,1 млн сўм ДМТТ директори Э.Бекбергенованинг пластик карточкасига “CLICK” хизмати орқали ўтказиб келинган.
ДМТТ директори томонидан 3,63 бирлик штат бирликларига ходим олмасдан ва бўш иш ўрни бўйича тегишли меҳнат органларига ҳисоботлар топширмасдан меҳнат қонунчилиги бузилган.
ДМТТ директори Э.Бекбергенова 1 нафар тарбиячи ёрдамчисига 2018 йил октябр ойидан 2019 йил декабр ойигача ўз уйида ҳар хил турдаги маиший ишларни, 2 нафар қоровулга 2020 йил 5 ой давомида ўзининг эски уйини буздириб янги уй қурдирган бўлса-да, ушбу давр мобайнида иш вазифасини бажармаган 2 нафар қоровул ва 1 нафар тарбиячи ёрдамчисига бюджет ҳисобидан жами 16,1 млн сўм иш ҳақи ортиқча тўланган ва ДМТТ учун ажратилган штат бирликларидан ўз манфаати йўлларида фойдаланган.
















