Ўзбекистон | 08:02 / 06.04.2021
3960
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди

5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев халқаро «Иннопром» саноат кўргазмасида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида бўлиб турган Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

«Таъкидлаш жоизки, «Иннопром» Россия Федерацияси Ҳукумати томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида илғор технологиялар ва замонавий ишланмаларни биргаликда илгари суриш мақсадида ўтказиб келинаётган энг йирик кўргазма ҳисобланади. Ушбу тадбир мамлакатимизда биринчи марта ўтказилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Денис Мантуров давлатимиз раҳбарига икки мамлакатнинг етакчи саноат компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда амалга оширилаётган ишларнинг натижалари тўғрисида маълумот берди.

Суҳбат чоғида бизнес ва ҳудудлар даражасидаги кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Пойтахтимизда "Иннопром" кўргазмасининг муваффақиятли ўтказилиши ушбу вазифаларни бажаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Мавзуга оид