Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Халқ таълими вазирлигининг 64 та туман ва шаҳар бўлимларида ўтказилган назорат тадбирларида 72,4 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларнинг ортиқча тўланиши, ходимларнинг пластик карточкаларига ортиқча маблағ ўтказиш ҳамда банкдан олинган нақд пулларни ўзлаштириш каби ҳолатларга йўл қўйилиши натижасида 42 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.

«Мисол учун, Гулистон шаҳар халқ таълими бўлимида педагог ва бошқа ходимларга ҳисобланган иш ҳақи тўловларидан нақд пулда тўланиши лозим бўлган маблағга нисбатан бюджет маблағлари ҳисобидан 4 миллиард сўм миқдоридаги нақд пуллар банкдан ортиқча олиниб, марказлашган ҳисобхона бош ҳисобчиси ва ғазначиси томонидан сохта тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш орқали ўзлаштириб юборилган», дейилади вазирлик маълумотида.

Шунингдек, сифатсиз бажарилган ва бажарилмаган қурилиш–таъмирлаш ишлари учун 2,7 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағлари асоссиз сарфланган. Товар-моддий бойликларининг ўз вақтида кирим қилинмаслиги, асоссиз харажатга чиқарилиши ва камомадга йўл қўйилиши оқибатида 4 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга зид равишда танлов (тендер) ўтказилмасдан, тўғридан тўғри шартномалар тузиш ҳамда моддий бойликларнинг қиммат нархларда харид қилиниши ҳисобига 7,1 миллиард сўм миқдоридаги бюджет маблағлари самарасиз сарфлаб юборилган.

Келтирилишича, Самарқанд вилоятининг 8 та тумани ва Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан 31 ҳолатда танлов (тендер) ўтказилмасдан тўғридан тўғри шартномалар тузилиши, ишларни бажарганлик тўғрисидаги далолатномалар тузилмагани натижасида 5,7 миллиард сўм маблағ вилоят ҳокимлиги инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари махсус ҳисобрақамига ўтказиб берилган.

«Ходимлар номидан олдиндан тўлаб берилган турли тўловлар иш ҳақидан чегириб қолинмаслиги ҳамда ижарачи ташкилотлар фойдаланган электр энергия, ичимлик суви ва табиий газ учун бюджет ҳисобидан тўловларнинг амалга оширилиши натижасида 16,7 миллиард сўм бюджет маблағлари асоссиз сарфлаб юборилган», дейилмоқда расмий маълумотда.

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов (11 та), Зарбдор (3 та), Ғаллаорол ва Бахмал (1 тадан) туманлари Халқ таълими бўлимларига қарашли умумтаълим мактабларида жами 16 нафар педагог ходимлар мутахассислиги бўйича сохта дипломлар асосида таълим бериб келаётганлиги аниқланган.