Ўзбекистон | 16:28 / 11.04.2021
14937
2 дақиқада ўқилади

Журналистика университети карантинга ёпилди, талабаларда коронавирус аниқланган

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари 2021 йил 12 апрелдан 14 кунлик онлайн ўқув тартибига ўтказилди. Маълум бўлишича, талабалар орасидан Covid-19 аниқланган.

«Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳудудида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши мунтазам равишда сақланиб келинганига қарамасдан, айрим талабалар орасидан енгил шаклдаги коронавирус инфекцияси аниқланди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими тавсиясига кўра ва коронавирус инфекцияси талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбариятини хабардор қилган ҳолда, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари 2021 йил 12 апрел санасидан 14 кунлик онлайн ўқув тартибига ўтказилади», дейилади университет расмий саҳифаларида эълон қилинган ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг талабаларга мурожаатида.

Aввалроқ бир нафар талабада коронавирус аниқлангани туфайли Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида дарслар 23 мартдан онлайн режимга ўтказилгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Тошкент транспорт университети талабасида ҳам коронавирус аниқланиб, факултет вақтинча онлайн таълимга ўтгани маълум қилинди.

Мавзуга оид