Наврўз байрамида берилган таътилдан фойдаланиб, Қашқадарёнинг ажиб қишлоқларидан бири – Ғелонга боришга қарор қилдик. Эсингизда бўлса, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси ҳисобланувчи Ҳазрати Султон чўққисига саёҳат давомида бу қишлоққа ҳам тўхталиб ўтгандик. Бу гал тоғлар орасидаги ажойиб қишлоқ ҳақида алоҳида кўрсатув қилишга қарор қилдик, чунки у ернинг табиати ҳақида узоқ гапириш мумкин.
Сафаримиз Шаҳрисабздан бошланди. Ғелонлик ҳайдовчи ҳамроҳимиз бизни айнан Шаҳрисабзда кутиб олди. Манзилимиз шаҳардан 3 соатлик йўлда жойлашганди. Ҳисорак сув омборига кўтарилиб, тоғлар орасига кира бошлар эканмиз, ташқи дунёдан узилиб, табиат билан ёлғиз қолдик: алоқа йўқолди, телефонлар фақат камера вазифасини бажара бошлади. Албатта, бундай гўзалликни ҳеч нарсага чалғимай томоша қилиш ёқимли, лекин кўрганларимизни сизга ҳам илинмасак, тўғри бўлмасди.




Дарвоқе, сув омборида сув ҳали анча кам ва уни тўлдирадиган дарё ўзани ёздагидан анча пасайганди. Чунки ҳозир сув омборига фақат ёмғир ва селларнинг суви бориб қуйилмоқда. Ёзда қорлар эрий бошлагач, сув кўпайиб, зилоллашади ва Ҳисорак кўм-кўк тусга киради. Дарё ҳали тўлмагани баҳонасида унинг ичига кириб, ўзаннинг салобатини ҳис қилдик. Ундаги тошлар шунчалик чиройлики, шаҳарда қурилиш қилувчилар уларни олиб кета олмаслигидан хурсанд бўлдик. Ахир бунча масофадан тош олиб кетиш уларга ҳам қимматга тушади.


Сув омборидан тоғлар орасига кириб борар эканмиз, қишлоқлар аста-секин кўздан узоқлаша бошлади. Уйлар тугаган жойда ҳаёт ҳам тугади, қолганига одамлар яшамайди, тоғлар фақат жониворларга қолган бўлса керак, деб ўйлайди билмаганлар. Лекин Қашқадарёнинг азим тоғлари бағрида биз кўзлаб бораётлан ажойиб қишлоқлар бор. Борган кунимиз роса ёмғир ёғди, йўлда юриш ҳам шунга яраша қийин бўлди. Тоғга чиққан сари туман кўпайиб, камера ҳам атрофни яхши суратга тушира олмади.





















