Ректор бу ҳақда гапираркан, биринчи президент Ислом Каримов, ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев ва ўзи ўртасида президент кабинетида кечган суҳбатни эсга олди.

Шуҳрат Сирожиддиновга кўра, президент Каримов Ўзбекистонда таълим, тил, адабиёт ва маданият чуқур «жарликка» тушиб қолганини яхши тушунган.

«Ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилишидан олдинги воқеаларни нафақат мен, балки бутун халқимиз билиши керак деб ўйлайман.

Бир куни Ислом Абдуғаниевич мен билан Шавкат Миромоновични ҳам қабулига чақирганди. Ўша пайтда мен Миллий университет ректори эдим. Ўртамизда 2,5 соат суҳбат бўлди. Бу суҳбатда кўпроқ Ислом Абдуғаниевич гапирди.

У киши қуйидагилар ҳақида гапирди:

«Биз сиёсатда, иқтисодда мустақил бўлдик. Тинчликни сақлаш, иқтисодни кўтариш ва халқнинг ўзига ишончини орттириш учун уриндик. Булар биринчи навбатдаги вазифалар эди. Аммо бир нарсада ортда қолдик. Бу мени жуда кўп қийнайди. Буни бажаришнинг энди вақти келди.

Биз маданиятимизни кўтаришимиз керак. Адабиётимизни кўрсатишимиз керак. Биздаги маданият эса бевосита таълим, илм ва фан билан боғлиқ.

Биз жаҳон халқлари орасида ўз маданиятимизни қайта тиклашимиз керак».

Ислом Абдуғаниевич бу ишларни амалга ошириш учун биринчи навбатда тил ва адабиётни ривожлантириш кераклигини яна такрорлади. Ўзбек тили обрўйини ошириш ҳақида гапирди.

«Биз ўзбек тили учун 1989 йилда қонун қабул қилганмиз. Аммо жуда кўп камчиликларга йўл қўйдик. Мана, энди вақти келдики, биз бу хатоларни тузатишимиз керак.

Бунинг учун яхши кадрлар керак», – деди у киши. Яхши эслайман, Ислом Абдуғаниевич бу гапларни ниҳоятда куюнчаклик билан гапирди.

Ўйлашимча, ёш ва мустақил давлат бўлиш, четдан турли таҳдидлар, миллатнинг қаддини кўтариш, иқтисодий ва бошқа катта масалалар исканжасидан чиқиб кетиш, бир томондан уруш хавфи (Афғонистондаги нотинчликлар назарда тутилмоқда – таҳр.) билан бирга бу масалаларни ҳам Ислом Абдуғаниевич жуда яхши тушунган.

Ўша суҳбатда Ислом Каримов кадрлар муаммоси ва таълимнинг ортда қолиб кетганини айтди. Тил ва саводхонлик муаммолари ҳам таъкидланди. У киши бу ортда қолишнинг сабабларини ҳам тушунтириб берди. Яъни ҳаммаси айланиб, давр мураккабликларига боғланди.