Ўзбекистон | 09:30 / 22.04.2021
8693
2 дақиқада ўқилади

Давлат чегарасига белги қўйиш тартиби тасдиқланди

Фото: Фаррух Алиев

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон давлат чегарасига белги қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • Ўзбекистон чегара белгиларининг турлари, шакллари, ўлчамлари ва тузилиши тавсифи;
  • давлат чегарасини жойларда чегара белгилари билан белгилаш ва ўрнатиш тартиби.

Низомга мувофиқ, давлат чегараси Ўзбекистон ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат.

Давлат чегараси жойларда асосий, оралиқ ва махсус чегара белгилари билан белгиланади. Чегара устуни асосий чегара белгилари жумласига киради. Унинг қуйидаги турлари мавжуд:

  • асосий темир-бетон чегара устуни;
  • асосий йиғма темир-бетон чегара устуни;
  • асосий полимер (композит) чегара устуни.

Чегара устунлари турларининг тавсифи низомга иловада келтирилган.

Давлат чегарасини жойларда чегара белгилари билан белгилаш ва ўрнатиш тартиби Ўзбекистон қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат чегараларини белгилашда Ўзбекистон чегара белгилари географик координаталари ҳудуднинг физик-географик хусусиятларидан келиб чиқиб аниқ белгиланиши лозим. 

Мавзуга оид