Иқтисодиёт | 17:02 / 23.04.2021
7062
2 дақиқада ўқилади

«Банкларда пул маблағлари захиралари шакллантирилади» – Эркин Гадоев

Бугун, 23 апрел куни Сенатнинг 14-ялпи мажлисида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев банкларда юзага келадиган муаммоларнинг олдини олиш ва тўловларни вақтида етказиш борасида кўриладиган чоралар ҳақида гапирди.

Сенатнинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмита раиси Эркин Гадоев банк тизимидаги салбий ҳолатлар кучайишининг олдини олиш ҳамда тижорат банкларида ликвидлилик кўрсаткичларини мустаҳкамлаш, тўловлар узлуксизлигини таъминлаб бориш мақсадида бир нечта чоралар кўрилишини таъкидлади. Хусусан:

- банкларда мижозлар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажариш ҳамда иқтисодиётда юзага келиши мумкин бўлган хатарларга банкларнинг бардошлилигини ошириш учун ҳар бир банкда босқичма-босқич пул маблағлари захираларини шакллантириш;

- банклар томонидан корпоратив кредитларни ажратишда эҳтиёткор кредит сиёсатини юритиш, шу жумладан, фақатгина аниқ молиялаштириш манбаларига эга мижозларга кредит ажратиш чоралари кўрилиши;

- ажратилган кредитларни устувор равишда аввал берилган кредитларнинг қайтиши ҳисобидан амалга ошириш орқали кредит қўйилмалари ўсишининг ЯИМ номинал ўсиши доирасида шаклланишини таъминлаш;

- банклар томонидан 2020 йил якунлари бўйича олинган соф фойдани банклар капиталини оширишга йўналтириш орқали банкларнинг капитал буферини мақбул даражада сақлаб қолишга шароит яратиш;

- лойиҳаларни молиялаштиришда уларнинг самарадорлиги, қўшимча қиймат ва янги ишчи ўринлари яратиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда лойиҳа ташаббускорларининг камида 30 фоиз ўз маблағи билан иштирок этиш бўйича ўрнатилган талабга қатъий риоя этилишига эришиш;

- кредитлаш ҳажмини банкларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда уларнинг йиллик бизнес-режаларида белгилаб олиш ҳамда банк кенгашлари томонидан бизнес-режа параметрларининг бажарилишини қатъий назоратга олиш каби макропруденциал чораларни кўриш;

Шунингдек, қўмита раиси тижорат банклари хорижий валютада маблағлар жалб қилишда эҳтиёткор сиёсат юритиши ҳамда кредитлашнинг асосий қисмини миллий валютада амалга ошириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, кеча асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 Aввалроқ, Марказий банк раиси имтиёзли кредитлар коррупция ҳолатларини оширишини таъкидлагани хабар қилинган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид