Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев Kun.uz билан суҳбатда шу ҳақда маълумот берди.
«Халқаро тадқиқотлар таълим сифатини шаффоф кўрсатиб беради»
— Ўзбекистон тарихда илк бор таълим бўйича халқаро тадқиқотларда иштирок этиш қарорини қабул қилди. Бундай халқаро тадқиқотлар мамлакатимиздаги таълим сифати қай ҳолатда эканини шаффоф ва асосли равишда кўрсатиб беради. Чунки бу тадқиқотларнинг устида ишлайдиган олимлар бутун дунёдан танлаб олинган, ўз соҳаси усталари. Баҳолаш мезонлари халқаро тестология стандартларига асосланади.
PIRLS тадқиқоти натижасида бошланғич синф ўқувчисининг билимини, ўқиган матнини қай даражада тушуниши, шундан келиб чиқиб фикрлай олиши таҳлил қилинади.
PISA тадқиқоти эса 15 ёшли ўқувчилардаги билим сифатини аниқлаб беради. Бизда бу асосан 9-синф ўқувчилари. Улар мактаб даврида олган билимини ҳаётида қанчалик қўллай олиши ўрганилади.
TIMSS эса 4-8 синф ўқувчиларидаги математик саводхонлик даражасини текшириб беради.
TALIS дастурида эса таълимга алоқадор барча шахс ва жараёнлар таҳлил қилинади: ўқувчи, ўқитувчи, директор, ота-оналар муносабатларининг йўлга қўйилиши ўрганилади. Таҳлиллар юздан ортиқ саволларга берилган жавобларга асосланади.
Бунда аввало ўқитувчилар жамоаси ичидаги ҳамда уларнинг директор билан муносабатларидаги муҳит ўрганилади. Кейингиси, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат. Учинчи йўналиш – мактаб ва ота-она ўртасидаги алоқа қандай йўлга қўйилгани. Тўртинчиси, мактаб директори ва ўқитувчилар ўз устида қай даражада ишлаётганини аниқлашга қаратилган.

Юқорида саналган тадқиқотлар натижаси жамланса, республикамиздаги 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими сифатига умумий баҳони бера оламиз.
Ўқувчилар билим даражаси, ўрганган билимини ҳаётга татбиқ эта олиши, ўқитувчининг иш самарадорлиги, мактабдаги бошқарув қай ҳолатда экани, ота-оналарнинг мактабдаги муҳитдан қанчалик хабардорлиги ҳақида маълумотлар ўз-ўзидан шаффоф ва нейтрал тарзда келиб чиқади.
















