Бу – баъзи мамлакатларда, масалан, Норвегияда ҳар куни 20 соатгача озиқ-овқатдан ўзини тийиш демакдир.

Хўш, рўза соғлиққа қандай таъсир қилади? 30 кун давомида рўза тутган одамнинг танасида қандай ўзгаришлар содир бўлади?

Дастлабки кунлар қийин кечиши мумкин

Инсон танаси рўза тутилганини энг сўнгги овқатланишдан 8 соат ўтгач сезиши мумкин. Бу – ичаклар охирги таомланишдан олинган барча фойдали моддаларни тўлиқ ҳазм қилиб улгурадиган муддатдир. Кейинги босқичда организм энергия эҳтиёжини қондириш учун жигар ва мушаклардаги глюкозага йўналади.

Глюкоза истеъмолидан кейинги энергия манбайи танадаги ёғлардир. Ёғларнинг сарф қилиниши вазн йўқотишга, холестерин миқдорини пасайтиришга, диабет хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Бошқа томондан, қон шакарининг пасайиши билан танада заифлик ва сустлик пайдо бўлади.

Очлик даражаси энг юқори даражага кўтарилганда симптомларга бош оғриғи, кўнгил айниши ва оғиздан нохуш ҳид келиши каби аломатлар қўшилади. 

3-кундан 7-кунга: сув ичишга эътибор қаратинг

Бу оралиқда тана рўза тутишга мослаша бошлайди. Ёғ «истеъмол» қилиниб, қон шакарига айлантирилади.

Саҳарлик ва ифтор вақтлари орасида сув миқдори камайгани сабабли танада терлаш тезлашади ва суюқлик йўқолиши кучаяди.

Ифтор ва саҳарлик вақтидаги овқатланиш пайтида углеводлар ва баъзи ёғларни керакли миқдорда қабул қилиш энергия ишлаб чиқариш учун зарур. Оқсил, туз ва сув каби баъзи фойдали моддаларни истеъмол қилиш муҳимдир.

8-кундан 15-кунгача: тана рўза тутишга тўлиқ мослашади

Тана энди 3-босқичга ўтади ва у рўза тутишга тўлиқ мослашади.

Англиядаги Кембриж университети касалхонасининг беҳушлик ва интенсив терапия бўйича маслаҳатчиси доктор Разин Махруфнинг айтишича, ушбу босқич танага ижобий таъсир кўрсатади.

«Кундалик ҳаётда биз кўпроқ калорияли овқат истеъмол қиламиз. Шунинг учун танамиз касалликларни енгиш каби муҳим вазифани бажара олмайди. Рўза пайтида бу ҳолат қайтадан мувозанатлашади. Тана яна ўзининг муҳим функцияларига эътибор қаратади, унинг инфекцияларга қарши курашиши ва касалликлардан халос бўлиши ҳам осонлашади».