Aзиза немис, поляк, француз ва рус тилларини билади. У ҳозир Германиянинг Bard College олийгоҳида, санъат тарихи ва назарияси йўналиши бўйича 4-босқичда ўқияпти.
«Тошкентда туғилганман. 60-мактабни тамомлаб, кейин Вестминстер университети қошидаги лицейда ўқидим. 2017 йилда Германиядаги Bard Collage олийгоҳига кирдим ва шу йилнинг августида Берлинга келдим. Немис тилини мактабда, инглиз тилини эса лицейда ўрганганман. Иккала тил ҳам Германияда ва умуман ҳаётимда жуда асқотди», – дейди у.

«Санъатга қизиқишим болалигимдан бошланган. Aммо қачондир санъат тарихини илм сифатида ўрганаман деб ўйламаганман. Киши ўз қизиқиши ва имкониятларини ривожлантиришни билиши керак экан. Сабаби ҳаёт қачон, қаерга бурилишини билмаймиз.
Университетга кириб, санъат мен ўйлагандан ҳам қизиқарлироқ экани, бу йўналишда жуда кам нарса билишимни тушундим. Ва бу соҳани чуқурроқ ўрганиб, кўпроқ нарса ўрганишга киришдим», – дейди Aзиза.
Ҳарвард грантини қандай ютиш мумкин?
Aзиза кейинги ой 4-курсни тамомлайди ва ёзда АҚШнинг Ҳарвард университетида ўқий бошлайди.
«Ҳарвардга ҳужжат топширишдан олдин бир неча ой тайёрландим. Кейин harvard.edu сайтидан йўналишим бўйича ажратиладиган грантга ариза тўлдирдим. Бу ерда жуда кўп соҳалар учун грантлар ажратилган. Университет сайтига кириб, йўналишни танлаб, ариза тўлдириш мумкин.
Aриза бўлимига бакалаврда олган баҳоларим, университет профессорларидан 3та тавсиянома, мотивация хатини жойладим.
Шунингдек, соҳа бўйича билимимни текшириш учун 1та тест топширдим: гуманитар таълимга оид GRE тестини ечдим. Ҳуқуқий ёки тиббиёт соҳалари номзодлари бошқа тест турини ечишади. Ушбу тестни магистратура ёки докторантура йўналишига топширмоқчи бўлганлар топширади.
AҚШнинг баъзи университетларига, шу жумладан, Ҳарвардга қабул жараёнида ҳам «Diversity Statement» мавзусида хат ёзиш талаб қилинади. У бошқа жойда ўсиб, улғайиб, таълим олган талабанинг ўзига хос жиҳатлари, имконият ва билимларини кўрсатади.
Шу билан бирга, инглиз тилида гаплашмайдиган давлат талабалари тил сертификатини (IELTS, TOEFL) ҳам топширишлари керак. Бакалавр таълимини инглиз тилида ўқиган номзоддан бундай сертификат талаб қилинмайди.
























