27 апрел куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ҳар доим ҳам бўлавермайдиган қарама-қаршиликлар кузатилди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатлар лойиҳанинг 12-моддаси бўйича иккита катта тарафга бўлинишди.

Натижада лойиҳа қабул қилинмай, муҳокамаси учинчи ўқишга қолди. Бунда Халқ демократик партияси депутатларининг «хизмати» катта бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Лойиҳанинг 12-моддасида нима дейилган?

Модданинг «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан таклиф этилган таҳририда:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • бошқа тилларда мурожаат қилинган тақдирда мурожаат матнининг давлат тилига таржимаси илова қилиниши шартлиги;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар давлат тилида баён қилиниши назарда тутилган.

Модданинг Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таклиф қилинаётган таҳририда эса:

  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланиши;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилиниши назарда тутилган.

Кўриниб турибдики, 12-модданинг «Миллий тикланиш» таклиф этган таҳририда давлат тилининг мавқейини кўтаришга қаратилган қоидалар белгиланган. Қўмита илгари сурган вариантда эса давлат тилини ривожлантириш эмас, унинг шу пайтгача бўлиб келган беқадрлигини янада мустаҳкамлайдиган қоидалар акс этган.

Айтиш лозимки, агарда модданинг қўмита таклиф этган таҳрири қабул қилинса, ушбу модда ортидан иш берувчилар ишга қабул қилишда номзодларнинг хорижий тилни билишига мажбурий талаб сифатида қараб, ушбу талабга тўғри келмаганларни ишга қабул қилишдан қонунга зид равишда бўйин товлаш тенденцияси шаклланишига олиб келиши мумкин.