Бугун, 1 май куни, бир сутка ичидаги иккинчи телефон орқали мулоқот чоғида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров томонларнинг Тожикистон ҳамда Қирғизистон чегараолди ҳудудларидаги вазиятни нормаллаштириш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш тўғрисида гаплашди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар берди.
«Ўт очишни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги келишувларга риоя қилиш ва ҳарбийларни доимий жойлашиш зоналарига олиб чиқиб кетиш масалаларига эътибор қаратилди», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, президентлар томонлар ишчи гуруҳларининг биргаликдаги фаолияти ҳамда делимитация ва демаркация бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш ҳақида ҳам гаплашган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу комиссия йиғилиши бугун Боткенда бўлиб ўтиши режалаштирилганди.
Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида чегарадаги зиддият бўйича биринчи телефон суҳбати кеча, 30 апрел куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари чегаранинг қирғиз-тожик участкасидаги вазиятни юмшатиш бўйича чораларни муҳокама қилди.
Аввалроқ, қатор оммавий ахборот воситалари Қирғизистон ўз ҳудуди Тожикистондан ўққа тутилганини маълум қилгани тўғрисида хабар берди.

Knews.kg’нинг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига асосан хабар қилишича, тожикистонлик ҳарбийлар Боткен вилоятидаги турар жой биноларига қарата ўт очишган.
«Боткен вилояти (Қирғизистон) Лейлак туманининг Арка ҳудудида тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Қирғизистон фуқароларининг турар жойларига қарата ўқ уздилар», дейилади хабарда.










