15:26 / 01.05.2021
6492

Ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси бўлган болалар Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахсларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш;
  • 15 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида муқим яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш;
  • ота-онасидан бири Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олинган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида беш йил яшамасдан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш.

Маълумот учун, 2021 йил февраль ойи ҳолатига, республика бўйича яшаб келаётган 62 357 нафар фуқаролиги йўқ шахслардан 21 284 нафари, яъни 34 фоизи 2005 йилга қадар Ўзбекистонга кириб келган.

Фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида камида 15 йил давомида яшаб келаётганлар сони 1 034 нафарни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 2020 йил декабридаги мурожаатномасида айтган, янгилик 2021 йилги давлат дастурига киритилганди. Дастурда лойиҳани амалга ошириш муддати 1 май деб кўрсатилганди.

Top