Ўзбекистон | 10:56 / 14.05.2021
3174
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда спорт майдонида хўроз уриштириш мусобақаси ўтказиб келинаётгани маълум бўлди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида спорт майдонида ноқонуний хўроз уриштириш мусобақаси ўтказиб келинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 6 май куни Шароф Рашидов тумани Қатортол ҳудудида жойлашган спорт майдонида бир гуруҳ шахслар томонидан ноқонуний хўроз уриштириш мусобақаси ўтказиб келинаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур спорт майдони туман ҳокимлиги қарори билан 2008 йилда кўпкураш спорт турларини ривожлантириш учун Қатортол маҳалласида яшовчи 1968 йилда туғилган, айни пайтда Жиззах педагогика институтининг жисмоний тайёргарлик факультетида ўқитувчи бўлиб ишлаётган шахсга хусусийлаштириб берилган.

Мазкур шахс 1970 ва 1972 йилда туғилган, Жиззах олимпия захиралари спорт мактаби ўқитувчилари бўлган укалари билан бу ердаги махсус аренада ташкил этиладиган хўроз уриштириш мусобақасига томоша учун келаётган шахслардан 20 минг сўмдан пул йиғиб олган. Бундан ташқари, улар у ерда ноқонуний овқатланиш шохобчасини очиб, антисанитар ҳолатда таом тайёрлаб сотишган ҳамда савдо хизмати кўрсатишган.

Суриштирувларда, ака-укалар спорт аренасини муқаддам судланган, Жиззах шаҳри Обод маҳалласида яшовчи 1982 йилда туғилган шахсга ижарага беришгани аниқланган. Бу шахс ўзининг икки нафар шериги билан аренада хўроз уриштириш ўйинларини ташкил этиб келган.

Таъкидланишича, мазкур аренада бўлган 200 нафардан ошиқ одам туман ИИБга шахсини аниқлаш учун олиб борилган. Уларнинг 50 нафардан ортиғига карантин қоидаларини бузгани учун маъмурий баённома расмийлаштирилган. Хўроз ўйинини ташкил этиб келган шахсларга ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда жиноий иш қўзғатилган.

Мавзуга оид