Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқондаги хонадонлардан бирида шер боласи парвариш қилинмоқда — видео
Ижтимоий тармоқларда шер боласи билан кўчада сайр қилиб юрган йигит видеоси тарқалди. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, шер боқаётган қўқонлик оила вакиллари ва мутасаддилар билан учрашди.
Интернетда тарқалган видеолавҳадаги ҳолат шу куннинг ўзида Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Биохилмахиллик бўлими ходимлари томонидан назоратга олингани маълум қилинди.
Лавҳа Қўқон шаҳридаги Аччиқкўл маҳалласининг Гулшан кўчасида тасвирга олингани аниқланди. Қўқон шаҳар экология инспекцияси давлат инспекторлари Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходими ва Аччиқкўл маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан маҳалладаги уйга бориб, хонадон эгалари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилган.


«Ўрганиш давомида фуқаронинг яшаш хонадонида 10 метр квадрат майдонда шер ҳайвонини боқиш учун белгиланган тартибда яшаш қафаслари мавжудлиги аниқланди. Шер боласи учун ясалган махсус қафаснинг баландлиги 2,5–3,5 метр бўлиб, унинг ичи талаб даражасида жиҳозланган.
Шернинг яшаш жойи канализация тармоғига уланган, шунингдек, атроф-муҳитга таъсири йўқлиги, инсонлар ҳаётига хавф солиш ҳолати мавжуд эмаслигига гувоҳ бўлдик», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Қўқон шаҳар давлат экология бўлими инспектори Ҳалимжон Тўраев.

Масъуллар уй эгаларидан ҳайвонларни сақлаш тартиби тўғрисида тегишли ҳужжатларни тақдим этишини сўраган. Уй эгаси эса видеолавҳада шерни ушлаб турган фарзанди экани ва ҳозирда у Тошкент шаҳридалиги, 3 кун муддат ичида сўралган ҳужжатларни тегишли ташкилотларга тақдим этишини билдирган.


Kun.uz мухбири мазкур хонадон вакили, шерни парвариш қилаётган Асадбек Тоймасов билан суҳбатлашди.
«Шернинг лақаби — Симба. Уни бир ойлигида бозордан сотиб олиб келганмиз. Уни ўзим катта қилганман. Симба ёввойи эмас, одамга ташланмайди. Доимий равишда ўзим қарайман. Товуқ гўшти билан овқатлантираман. Баъзида молнинг ичак-чавоғи ва гўшт ҳам бериб турамиз. Лекин кўпинча товуқ гўшти билан озиқланади. Кунига икки маҳал овқатлантираман: эрталаб ва кечқурун», — дейди у.

Симба ҳозирда тўққиз ойлик бўлган. У тўлиқ вояга етиб катта бўлганида ҳайвонот боғига топширилади.


Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:00 / 09.06.2026
Фарғонада Soliq Mobile орқали 3,2 млрд сўмлик кэшбек талон-торож қилинди
15:10 / 20.05.2026
Қўқонда 19 ёшли қиз қотилликка қўл урди
08:45 / 15.05.2026
Фарғонада юк машинаси ғилдиракларидан қарийб 20 кг наркотик топилди
08:33 / 15.05.2026