Россияда COVID-19 беморларида хавфли "қора моғор" касаллигини юқтириш ҳолатлари қайд этилди.
«Известия» нашрининг ёзишича, гап мукормикоз - микроскопик замбуруғлар (мукормицетлар) келтириб чиқарадиган замбуруғли инфекция ҳақида бормоқда. Улар тупроқда яшайди ҳамда уларни кўпинча чириган ўсимлик ва сабзавотлар юзага ажратиб чиқаради.
Ушбу инфекция бурун, кўз ва нафас олиш тизимига таъсир қилади. Касаллик бурун бўшлиғида ривожланиб, кўз чаноғига тарқалади. Бемор даволанмаса ўлимга олиб келиши мумкин.
Мечников номидаги тиббиёт университети клиник микология, аллергология ва иммунология кафедраси мудири Николай Климконинг сўзларига кўра, мукормикоз биринчи навбатда иммунитети паст одамлар учун хавфлидир.
Аввалроқ бу касалликка чалиниш ҳолатлари Ҳиндистонда кузатилганди.















