Ла Лига. «Барселона» «чемпион бўлишни хоҳламади», Суарес «Атлетико» қаҳрамони

Бир неча тур аввал Ла Лига ғолиблиги учун асосий номзод «Барселона» бўлиб турганди. «Гранада»ни мағлуб этса, Куман жамоаси яққол етакчига айланиб оларди. Бироқ мавсумдаги энг муҳим ўйинда Месси ва жамоаси мағлуб бўлди. Месси эса барибир гол урди. Кейин эса «Атлетико»ни енга олмаган «Барселона» чемпионликдан янада узоқлашди. «Леванте» билан дуранг ўйнагач, «Барселона» амалда чемпионлик билан хайрлашди, лекин барибир назарий имконият сақланиб қолганди. 37-турда «Сельта»га енгилган каталонияликлар расман чемпионлик билан хайрлашди. Етакчиси Яго Аспас энг яхши даврини ўтказган ва айтарли тезлиги қолмаган ҳолатда ҳам «Барселона»ни тор-мор эта олди. Мавсум давомида жамоа қаҳрамонига айланган Тер Стеген иккита голда ҳам ғалати ҳаракат қилиб, «Барселона»ни қутқара олмади.

Охирги натижалар гўёки «Барселона» чемпион бўлишни хоҳламаётгандек таассурот уйғотади. Мавсум якунида чемпионлик учун имкониятлар яхшиланган, клуб мағлубиятсиз, ғалабали сериялар қайд эта бошлаган вақтда кўпчилик Куманни мақтай бошлади. Бироқ охирги мағлубиятлар яна Куманнинг истеъфоси ҳақида муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Барселона» мухлислари бу мавсумда бир нарсадан хурсанд бўлишлари мумкин. Месси шундай кризис ҳолатида ҳам юқори савияда ўйин кўрсатмоқда. Албадан бошқа айтарли тўп етказиб берувчиси бўлмаган «Барселона» сафида 30 та гол уриш бу таҳсинга сазовор натижа. Етмаганига «Барселона»нинг энг яхши ассистенти ҳам Месси – 9 та ассист. Шартномасига кўра, охирги мавсумида 34 ёшли Месси учун Ла Лигада гол+ассист бўйича 39 очко бу – топ натижа. Месси шу ўйинда ҳам рекорд қўйишга улгурди. Аргентиналик супер юлдуз Ла Лигадаги 300-ўйинида гол урди. Яъни Месси Ла Лигадаги худди шунча ўйинда камида битта гол урган. Бу борада Лео аллақачон яққол рекордчига айланганди, лекин у биратўла ҳисобни тўғрилаб қўя қолди. Таққослаш учун Раул 186 та ўйинда гол урган.

«Барселона» шундай ҳолатга келиб қолдики, Куман 38-турдан олдин истеъфога чиқарилиши ҳам мумкин. Мавсум якунида кетиш билан охирги ўйин олдидан кетишнинг фарқи катта. Мавсум якунида истеъфога чиқиш мураббийга шунчаки «Эплай олмадинг», дейиш бўлади. 38-турдан аввал кетказиш эса мураббийга жамоани пароканда қилганини айтиш бўлади.

Куманнинг «Барселона»си «Гранада», «Леванте» ва «Сельта»ни юта олмаётган вақтда у ҳайдаб юборган Суарес қаҳрамонга айланмоқда. Луис «Осасуна»га қарши ўйинда супер камбэк қайд этган «Атлетико» сафида ғалаба голини урди. Бу Суареснинг мавсумдаги 20-голи бўлди. Энг даҳшатлиси Суарес урган голларининг 10 таси ғалаба голи бўлган. Бу мавсумнинг бир қисмини ўтказиб юборган ва Куманга керак бўлмаган ҳужумчи учун супер натижа.