Паррандачилик соҳасига берилган қатор имтиёзларга қарамай, нега бундай бўлмоқда? Kun.uz шу мавзудаги саволлар билан «Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Матёқуб Матёқубов билан боғланди.

Статистика қўмитасига кўра, йил бошида 90 миллион бош парранда бўлган, апрелда эса 84 миллион. Нима сабабдан 3 ой ичида парранда боши 7,1 фоиз ёки 6 миллион бошга камайиб кетди?

— Паррандачиликда тухум йўналишидаги паррандалардан 1-1,5 йил давомида тухум олиш учун фойдаланилади ва улар режали равишда ишлаб чиқариш харитаси (технологик карта) асосида санация қилиниб, ёши ўтган она товуқларни гўшт учун сўйиш ва уларнинг ўрнига янги ёш жўжаларни келтириб, парваришлаш ишлари ташкил этилади. Бу жараёнлар одатда йил бошида режалаштирилиб, бу даврда паррандалар бош сони ўзгариши кузатилади.

Жумладан, жорий йилда 1 январ ҳолатига нисбатан 6 млн бошга ўзгариш (камайиш) кузатилган бўлса, ўтган 2020 йил мос даврида 9,4 млн бошга ўзгариш (камайиш) кузатилганди.

2020 йил 1 апрел ҳолатига паррандалар сони 83,4 млн бошни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига паррандалар сони 84 млн бошни (ўсиш 100,4 фоиз) ташкил этди.

Бугунги кунда республикада йирик паррандачилик корхоналарида санация ишларидан сўнг 8 млн бош ёш жўжалар (1 кунликдан 90 кунгача) парваришланмоқда, бу жўжалар статистик ҳисоботларда қайд этилмайди.

Тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида – 5 фоизга, Сирдарёда – 4 фоизга камайиши ҳисобига ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган. Нима сабабдан тухум ишлаб чиқариш камайди ва айнан нега ушбу вилоятларда?

— Тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичимиз камайган эмас. Паррандани айлантириб боқиш режалаштирилади. Масалан, паррандахоналаримизда 18 килограммгача парранда боқамиз, кейин хона 2-3 ой давомида дезинфекция қилиниши керак. Мавсумий жараёнлар бўлади, камайиш айнан шу даврга тўғри келиб қолган. Тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичи бош сонидан келиб чиқади. Бош сони камайганига нисбатан тухум ишлаб чиқариш кўрсаткичи пастлаган.

Тухум ишлаб чиқаришнинг камайганига яна бир омил – қишнинг совуқ кунларидир. Парранданинг туғиш ҳарорати 20-22 даража бўлиши керак, қишнинг қаттиқ совуқ кунларида эса ҳарорат пасайгани ҳисобига тухум ишлаб чиқариш камайиб кетади ва бу табиий жараён.

(Маълумот учун, республика паррандачилигининг 45 фоизи паррандачилик хўжаликлари, 55 фоизи аҳолига тўғри келади.)