Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўзлари ҳуқуқингизни бузганда, дунёқарашингизда жиддий ва шиддатли силжиш содир бўлади. Ички тизимингиз чалкаш-чулкаш бўлиб кетади деса ҳам бўлади. Бундай ўзгаришни мажоз билан тасвирлайдиган бўлсак, буни бир замонлар содир бўлган, бутунбошли қитъалар силжишига – шиддатли тектоник ҳаракатларга ўхшатса бўлади.

«Нега?» деган савол ичингизда улкан, кенг елкали тоғдек қад ростлайди шунда. Мана шу «нега»нинг замирида бир дунё маъно бор.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари: ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ва бошқалар – аввало шулар эмасмиди қонунни ҳурмат қилиши керак бўлган, «қонун» сўзининг улкан аҳамиятини ҳаммадан яхшироқ тушуниши керак бўлганлар?» Бу саволлар ақлингизнинг ёқасидан олади.

Шунда, ақлингиз қалбингизга нимадир жавоб беришга уринади, бироқ... додингизни Худодан бошқага айтолмаслигингизни, шикоят қилсангиз шикоятингиз барибир ўша қонунбузарга қайтиб келишини билиб, жим қоласиз.

Шунда, ночор аҳволда қолган вужудингиз, ўзингиз билмаган ҳолда... бунга кўника бошлайди! Ва энг мудҳиши айнан шу – бунга кўникиб қолиш! Чунки бунда сизнинг «давлат» тушунчасига бўлган қарашларингизда силжиш содир бўлган бўлади, зеро ҳуқуқ-тартибот идоралари бу – давлатнинг ажралмас қисми, унинг қўли, кўзи, оёғи.

Кўникиб қолишни нега энг мудҳиш ҳолат деб баҳоладик? Чунки сиз бунда ишончсизликка кўникаётган бўласиз. Бунга кўниккандан кейин сиз фаол, қалби жўшиб турадиган, юзидан нур ёғадиган бунёдкорлар жамияти аъзоси эмассиз, балки жамият ишларидан ўзини четга олиб қочадиган, имкон топиб бошқа – «жамият» деса бўладиган юртларга кетишни истайдиган кишига айланасиз.

Дарвоқе, АҚШга грин-карта бўйича кетишни истовчилар сони бўйича Ўзбекистон 5-ўринда экан.

Бир саволга жавоб берайлик: ҳуқуқ-тартибот идораси ходими учун қачон қонун энг катта приоритетга, «отаси-ю онасига» айланади, тепасидаги бошлиғининг буйруғи эмас, айнан қонун унинг онгида устуворликка эга бўлади?

Зеро айнан шундагина ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳақиқий маънода ҳуқуқ-тартибот идораси ходимига айланади, бошлиғи қонунбузарликка чақирганда ҳам ўзини, ўзлигини йўқотмайди.

Ўзаро ишонч муҳити ҳукм сурган муҳитдагина ижобий ўзгаришлар содир бўлади ва алалоқибат омма ҳақиқий жамиятга айланади, улкан натижаларга эришилади. Ким бизга бундай жамиятга айланишга халақит қиляпти ва... ҳуқуқ-тартибот идораларида ислоҳотлар нега бунча секин амалга ошяпти?