2020 йил 21 июн куни Андижон вилояти Асака туманида мудҳиш ҳодиса юз берди. 9 ёшли норасида гўдак ўта шафқатсизлик билан ўлдириб кетилди.

Бош прокуратура олиб борган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни марҳуманинг қўшниси Асрорахон Ҳамдамова содир этган деб топилди.

Унга нисбатан ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари бўйича айбловлар эълон қилиниб, иши судга оширилди.

Аммо, Асрорахон Ҳамдамовага қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва ўғрилик бўйича қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмади. Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг шу йил 5 майдаги ҳукми билан у оқланди ва суд залидан озод этилди.

Ҳали ёшига тўлмаган чақалоғи бўлса-да, қарийб 10 ой вақт қамоқда яшаган қаҳрамонимиз ва унинг адвокати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг руҳий ва жисмоний тазйиқлари, тергов органининг ноқонуний ҳаракатлари ва қандай қилиб сохта далиллар асосида айблов эълон қилингани ҳақида Kun.uz'га сўзлаб беришди.

«Столда ўтирганимда қаёқдан келиб урганини билмай қолдим, пешонамда кўкарган жойлари анчагача кетмади» — Асрорахон Ҳамдамова ҳикояси

— 2020 йил 21 июнь куни соат 5лардан ўтганда болам билан ўз ота уйимга кетмоқчи эдим. Кийиниб тайёр бўлганимда қўшни ҳовлидан бақир-чақир овозлар эшитилди. Кейин ташқарига чиққанимизда қўшнимиз 9 ёшли Қундузой ўлдириб кетилганидан хабар топдик. Мен бироз аввал Қундузойни ўзларининг ховлиларида кўрган эдим. Шу боис ҳаммамиз ҳайратда қолдик. Мен қўшнимизнинг болаларини жуда яхши кўрардим.

Кўп ўтмай бизнинг уйдагиларнинг ҳаммаларини, турмуш ўртоғим ва қайнукаларимни терговга олиб кетишди. Кечга яқин мени ҳам терговга чақиришди. Борганимда биринчи гаплашганим мени тергов қилган Санжар ака бўлган. Санжар ака, яна битта орган ходими менга саволлар беришди. Охирги марта қачон кўрганимни айтиб бердим. Ўша куни кечки пайт уйга қайтиб келдик.

Уйга кирганимизда ойижоним терговда нималарни сўрашгани билан қизиқди. Ойижоним экспертиза Қундузой номусига тегилган чиққанини айтди. Эртаси кундан яна терговга чақирилдим. Мени ҳар гал Умид ака Каримов эрталаб терговга чақириб, кечгача ўзи телевизор томоша қилиб, хоҳлаган нарсасини олиб келиб еб, мендан ҳеч қанақа савол сўрамасдан, кечгача, соат 9-10 гача мени олиб ўтириб, 9-10дан кейин соатига қараб, бўлди, энди кетаверинг дер эди. Нимага мени чақириб олиб, ушлаб ўтирибсиз, эмизикли болам бор дейишимга қарамасдан, терговга чақираверган.