«SS-LAB» клиникаси кимга тегишли?
«SS-LAB» тиббий-диагностика лабораторияси 2018 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда ўзига хос лабораториялар тармоғига айланган ушбу компания Тошкентнинг барча туманларида 50дан ортиқ биоматериаллардан намуна олиш пунктларига эга. Клиника 500дан ортиқ турдаги таҳлил, лаборатория диагностикаси хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Хизматлар пулли.
Очиқ маълумотларга кўра, Ботирбек Исабеков, Aнвар Раҳимов ва Улуғбек Эгамбердиев «SS-LAB – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси» МЧЖ таъсисчилари ҳисобланади. 2019 йил июнидан 2020 йил август ойигача Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига раҳбарлик қилган Ботирбек Исабеков хусусий клиника устав фондидаги улушнинг 33,40 фоизига эгалик қилади. У айни пайтда шаҳар ССББда бошлиқ ўринбосари бўлиб ишламоқда.
Таъсисчиларнинг яна бири Улуғбек Эгамбердиев бугунги кунда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган бўлса, бошқа бир муассис – Aнвар Раҳимов ҳам илгари мазкур бошқармада фаолият юритгани маълум бўлди. Ботирбек Исабековнинг Kun.uz’га билдиришича, Раҳимов ҳозир соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа йўналишида фаолият юритади.
«SS-LAB» лабораторияларининг оилавий поликлиникалардаги фаолияти қонунийми?
Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаро Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникага боргани, уни кўрикдан ўтказган шифокор тўғри ташхис қўйиши учун турли таҳлиллар керак бўлишини айтиб, уни поликлиника лабораториясига йўналтирганини маълум қилади. Энг қизиғи, лабораториядагилар шифокор ёзиб берган қон ва бошқа таҳлилларнинг айримлари бепул, айримлари эса пулли эканини, бепуллари учун намуна олиб қолишларини, пуллиларини эса қўшни хонада тўлов асосида топшириши мумкинлигини айтишади.
Шундан сўнг фуқаро тўрт турдаги таҳлилларни мазкур поликлиника биносида жойлашган «SS-LAB» лабораториясида топширгани, бунинг учун эса, албатта, прейскурант бўйича пул тўлаганини айтади.
Шу ўринда давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасасида хусусий диагностика лабораториясининг фаолияти қанчалик қонуний экани, қолаверса, аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар амалдаги қонун ҳужжатларига қанчалик мувофиқ экани, бундан ташқари пойтахтдаги деярли барча поликлиникаларда тизим мансабдор шахсларига тегишли бўлган компания ўз хизматларини таклиф қилаётгани кўплаб саволларни туғдириши табиий. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунида давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилиши










