Хитойда таълим олиб келган гулчи Наманганда гуллар парки яратмоқчи
Азизбек Абдуллаев 10 ёшдан бери гул парваришлайди. У гул етиштиришни онасидан ўрганган.
«Ёшлигимдан шу ишни кўриб улғайдим. 2013 йилда Хитой давлатига бориб гулчилик бўйича таълим олиб келдим. 15-20 йилдан бери шу соҳадамиз. Биз гулларнинг энг ноёб турларини кўпайтириб, Ўзбекистон иқлимига мослаштирамиз», — дейди гулчи.
Азизбекнинг таъкидлашича, гулларга Аллоҳнинг назари тушган. Гулларни парвариш қилиш учун эса инсонларда энг аввало гулга муҳаббат бўлиши керак экан.
«Бу илоҳий туйғу. Баъзиларга шунчаки қаламчасидан берсангиз ҳам парвариш қилиб, кўпайтира олади, баъзилар эса тайёр совға қилсангиз ҳам парваришлай олишмайди, чунки ўзларида иштиёқ бўлмайди. Гуллар ҳам ташқи муҳит таъсирини сеза олиши аниқланган. Уруш-жанжал бўладиган хонадон ёки жойларда тез нобуд бўлиб қолади, тинч ва осуда жойларда эса яшнаб ўсади», — дейди у.
Қаҳрамонимиз етиштираётган гуллар орасида Евросиёдан келтирилган ноёб гуллар жуда кўп бўлиб, улар ҳатто махсус паспортга ҳам эга экан.
Бу йилги гуллар фестивалига мана шу ноёб гулларнинг кўчатларидан тайёрлаб олиб чиқдик, қизиққанлар учун уларни парваришлаш сирларини ҳам ўргатяпмиз», — дейди Азизбек.
Гулчи мутахассис ҳозирда 5 минг хилдан ортиқ гул турларини парвариш қилмоқда. У ҳар йили ўтказиладиган анъанавий гул байрамига янгилик қилиб махсус гул тайёрлаб олиб чиқар экан. Қаҳрамонимиз бу галги гуллар фестивалининг юбилейи учун Голландский хризантемани тайёрлаб олиб чиқибди. Унинг сўзларига кўра, бу ноёб гул ҳозирча Ўзбекистонда ягона нусхада экан.
«Мақсадларим катта, мана шу ноёб гулларни кўпайтириб, нархини 10 баробаргача туширмоқчиман. Наманган гуллар шаҳри деймиз-у, лекин гуллар парки йўқ бизда.1000 гектар жойда гул плантациясини яратиб, гуллар паркини яратиш ниятидаман. Унинг ичида қариялар учун махсус сиҳатгоҳлар, ёшлар учун эса гулларни парваришлаш сирларини ўргатадиган махсус курслар очамиз. Японияда ва кўплаб чет давлатларида гуллар тоғи, боғлар, гуллар йўлакчалари жуда кўп, ана шундай махсус майдончаларни ўзимизда бунёд этишни истайман. Бу режалар бўйича ўзимиздаги «катталар» билан гаплашиш имкони бўлмаяпти. Агар менга имкон яратиб беришса, шу режаларимни амалга оширардим. Ҳозир ҳам соҳам бўйича чет мамлакатлардан талабгорлар бўляпти, лекин мен ўзимизда гулчиликни ривожлантиришга ҳисса қўшсам дейман», — дейди гулчи.
Мавзуга оид
07:40
Наманганда машина «багажи» устида ўтириб ҳаракатланган йигит вафот этди
15:33 / 13.10.2024
Наманганда 1,2 млрд сўмлик электр энергиясини ноқонуний ишлатган МЧЖ аниқланди
22:29 / 11.10.2024
Наманганда чиқинди ташиш корхонаси истеъмолчиларга асоссиз ҳақ ҳисоблагани аниқланди
14:09 / 07.10.2024