Ҳужжатга кўра, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:
а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни:
- руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
- судланганлик;
- манзил-маълумот ахбороти;
- фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- турар жойнинг майдони;
- солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
- пенсия ва нафақа миқдори;
- пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
- никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;
б) қуйидаги ҳужжатларни:
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
- шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
- тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
- меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);
- кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.















