Судлов ҳайъати бунга Меҳнат кодексининг 270-моддасида назарда тутилган нормани, яъни судга мурожаат қилишнинг 1 ойлик муддати ўтказиб юборилганини асос қилиб келтирди. Яъни ЖИБ Сурхондарё вилоят судининг 2019 йил 25 декабрдаги ажримидан сўнг ишга тиклаш ҳақидаги талаб билан ФИБ Термиз туманлараро судига бир ой ичида эмас, 2020 йил 15 июнда мурожаат қилгани қайд этилди.
Шунингдек, такрорий кассация инстанцияси Олий суд томонидан ишни аввалги кўришда муддат нотўғри ҳисобланганини таъкидлади. Яъни судлов ҳайъати даъвогарнинг даъво талабларига нисбатан Меҳнат кодексининг 270-моддасида белгиланган бир ойлик муддатда мурожаат қилиши лозимлигини тўғри талқин қилган бўлса-да, даъвогар суд ҳукмига асосан 2016 йил 3 май куни суд залидан қамоқдан озод қилинганидан даъво муддатини ҳисоблаб, нотўғри хулосага келган, деб топилди.
Якунда такрорий кассация ажрим чиқариб, Олий суднинг 2021 йил 5 февралдаги аввалги ажримини ўзгаришсиз қолдирди.
Ҳасан Саматов ФИБ Термиз туманлараро судига 2020 йил 15 июнда мурожаат қилгани рост эканини тан олди. Бироқ у Шуҳрат Мусаев билан бирга айнан шу судга худди шу мазмундаги ариза билан 2020 йил 24 январда ҳам мурожаат қилганини, суд эса «даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилмаган» деган важ билан даъво аризани кўрмасдан қолдирганини маълум қилди.
Панжи Ҳайдаровнинг худди шу судга айнан шу санада худди шу мазмунда берган даъво аризаси эса ушбу суд томонидан кўриб чиқилиб, 2020 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган. Бу ерда ҳам бир мақоламизда айтилганидек, икки хил стандартга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ҳасан Саматов ва Шуҳрат Мусаев аслида Олий суд ажримида айтилган 1 ойлик муддатни ўтказиб юборишмагани туфайли ушбу ҳолатни янги очилган ҳолат деб топиб, шу асосга кўра ишни қайта кўриш лозим, деб ҳисоблашмоқда ва шу мазмунда Олий судга ариза ҳам тақдим этишган. Мақсуд Умаржонов эса судга аризани кейинроқ топширгани туфайли 1 ойлик муддатга илинмаслигига кўзи етиб, курашни тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолада сохта далиллар асосида тергов қилиниб, тазйиқ остида ёздириб олинган билдиргиларга асосан ишдан бўшатилган собиқ божхоначилар судда оқланганларидан сўнг ўз лавозимларига қайта олмаётгани ҳақида сўз юритилганди.















