Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, морхўр йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган, «Қизил китоб»га киритилган ноёб ҳайвон ҳисобланади. У асосан Сурхондарёнинг Кўҳитанг, Бойсунтоғ, Боботоғ тоғ тизмаларида тарқалган. 1950–1970 йилларда кўп овланиши натижасида кескин камайиб кетган.

Кейинги йилларда Сурхон давлат қўриқхонасида олиб борилган муҳофаза чоралари туфайли морхўрларнинг сони аста-секин кўпайиб бормоқда. Чунончи, қўриқхона ходимлари томонидан жорий йилда ўтказилган саноқда морхўрлар сони 600тадан ошиқлиги аниқланган.

Сурхон давлат қўриқхонаси биринчи тоифадаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ҳисобланади. Қўриқхона 1986 йилда йўқолиб кетаётган турларни сақлаб қолиш, кўпайтириш, табиатга антропоген таъсирни камайтириш мақсадида ташкил этилган.

Бугунги кунда қўриқхона ҳудуди 23 минг 802 гектарни ташкил этади. Қўриқхона Кўҳитанг тоғининг шарқий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, ҳудуди Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига қарайди. Ғарбий қисми Туркманистон чегараси билан туташиб кетган.