Ўзбекистон | 13:36 / 13.06.2021
4287
2 дақиқада ўқилади

Урганч аэропортида чартер рейснинг қолдирилиши йўловчиларни норози қилди

12 июнь куни Хоразм вилояти маркази, Урганч шаҳри халқаро аэропортида йўловчиларнинг оммавий норозилиги билан боғлиқ ҳолат юз берди.

Шу куни «Урганч – Санкт-Петербург» йўналиши бўйича парвоз қилиши лозим бўлган «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг чартер рейси қолдирилган

Аслида ушбу рейс 8 июнь куни учиб кетиши лозим эди. Бироқ, олдин 10 июнга, кейин 12 июнга, сўнгра 13 июнга қолдирилган. Бу ҳолат йўловчиларнинг эътирозига сабаб бўлган. Улар узоқ жойлардан харажат қилиб аэропортга келаётгани, аммо ҳар сафар парвознинг қолдирилаётганига норозилик билдиришган.

Шундан сўнг, йўловчилар олдига аэропорт директори Худойберган Қурёзов чиқиб, аэропортнинг чартер рейслар билан боғлиқ вазиятга алоқаси йўқлигини, фақат йўловчиларга, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишини, чипталар ва уларнинг нархи билан шуғулланиш ваколатига эга эмаслигини тушунтирган.

Урганч шаҳар ҳокими Ойбек Холбоев билан вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига етиб келган ва йўловчиларни тинчлантирган.

Жумладан, вилоят раҳбари чартер рейснинг қолдирилиши Ўзбекистонга боғлиқ эмаслигини, балки Россия ҳукуматининг қарорлари билан бўлаётганини тушунтирган. Узоқдан келган йўловчилар меҳмонхонага бепул жойлаштирилиши, овқат билан таъминланиши, уларни зудлик билан Россияга юбориш чоралари кўрилиши, агар бу иш амалга ошмаса, чипта пули 500 минг сўм компенсация қўшилган ҳолда қайтариб берилишини ваъда қилган.

Бир неча соатдан кейин йўловчилар «Урганч – Тошкент» йўналиши бўйича учиб кетишган. Уларга Тошкент шаҳридан чартер рейс орқали Россияга жўнатилиши ваъда берилган.

«Урганч халқаро аэропорти» маъмурияти хабарига кўра, 202 йўловчи 13 июнь куни Тошкент шаҳридан чартер рейс орқали Москва ва Санкт-Петербургга етказиб қўйилган.

Мавзуга оид