Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжат президентнинг 29.04.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5987-сон фармони ижросини таъминлаш, шунингдек Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш мақсадида қабул қилинган.
Тошкент давлат юридик университетида ҳамда Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
ТДЮУ ҳамда Адлия вазирлигининг юридик техникумларида таълимнинг кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
- ўқув режаси мажбурий ва танлов фанлари асосида ишлаб чиқилади ҳамда таълим олувчига ўзининг таълим дастурини мустақил шакллантириш имконияти яратилади;
- таълим олувчи томонидан муайян модуль (фан) бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламаси кредитлар асосида ҳисобланади;
- Адлия вазирлиги юридик техникумларида ўқув йили (семестр) бошида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекторияси шакллантирилади, ўқувчилар фан (модуль) ва ўқитувчиларни танлаш бўйича рўйхатдан ўтказилади ҳамда академик гуруҳлар шакллантирилади;
- ҳар ўқув йилида ўқув режасига мувофиқ дарс жадвали шакллантирилади ва ўқув жараёни амалга оширилади ҳамда доимий равишда таълим натижалари бўйича талабанинг кредитлари ҳисобланади.
2021–2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУда таълимнинг кредит-модуль тизими тўлиқ жорий этилади, бунда ТДЮУ таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда долзарб ахборотлар унинг расмий веб-сайтида таълим бериладиган барча тилларда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади.
Хорижий олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттирган ва уни муваффақиятли тамомлаган шахсларга хорижий олий таълим муассасаларининг белгиланган шаклда берилган дипломлари (бакалавриат, магистратура) қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.
ТДЮУ Кенгаши қарорига мувофиқ талабаларга фан доирасида профессор ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида танланган профессор ўқитувчининг машғулотида иштирок этиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.

















