Жамият | 14:36 / 21.06.2021
24373
2 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторийнинг апелляция суди санаси маълум бўлди. Суд Термизда ўтказилади

Отабек Сатторийнинг апелляция суди санаси маълум қилинди. Очиқ суд жараёни Сурхондарё вилоят суди биносида ўтказилади.  Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 29 июнь куни соат 11:00 да Сурхондарё вилоят суди биносида судланувчи Отабек Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.

Қайд этилишича, мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Маълумот учун, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

P.S. Аввалроқ Отабек Сатторийнинг апелляция шикояти жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида кўриб чиқилиши айтилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид