“Қизиллашаётган” e-qaror

E-qaror электрон платформасида ҳокимларнинг қарор ва фармойишлари, кенгаш қарорлари бериб борилади. 2022 йил сўнгига келиб, мазкур платформада айрим ҳужжатлар ёпиқ шаклда акс эта бошлади. Оммадан яширилган ҳужжатларга қизил ёзувда “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақидаги изоҳ ёзилмоқда.

Барча ҳужжат шаффоф ва очиқ тарзда бериб келинаётган платформада шу тариқа “қизил парда” пайдо бўлди. Бу ҳокимликларга ана шу “парда” ортига беркиниш имконини яратди. Аввалига айрим ҳужжатлар оммадан яширилган бўлса, бугунга келиб платформанинг саҳифалари тобора “қизиллашиб” бормоқда.

Ушбу мавзу ўтган йил якунида ҳам кўтарилган, ўшанда Адлия вазирлиги ҳолатга тушунтириш бериб, қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинишини билдирганди.

Бироқ яширилаётган ҳужжатларнинг барчасида ҳам фойдаланилиши чекланган ахборот мавжудми? Беркитилган ҳужжатлар бўйича айрим таҳлилларга тўхталиб ўтсак.

Ҳужжат яширишда қайси ҳудуд “етакчи”?

E-qaror платформасида ҳужжатларни беркитиб қўйиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги “байроқдор” ҳисобланади. Йил бошидан 17 апрель кунига қадар платформага пойтахт ҳокимлигининг 417 та ҳужжати жойлаштирилган. Шундан бошқалар кўра олмаслиги учун 125 та ҳужжатнинг (30 фоиз) “юзига қизил парда” тортиб қўйилган.

Бу борада кейинги поғонани 28,7 фоиз ҳужжатни яширган Сирдарё вилояти ҳокимлиги эгаллаган. Мазкур ҳокимлик 271 та ҳужжатдан 78 тасини беркитиб қўйган. 

“Юқори учлик”ни 26 фоизлик “натижа” билан Фарғона вилояти якунлаган. Водий вилояти 315 та ҳужжатдан 82 тасини беркитган. 

Навоий вилояти ҳокимлигини бу борада жамоатчиликка энг очиқ ҳокимлик дейиш мумкин. Сабаби мазкур вилоят ҳокимлиги платформага йил бошидан буён 140 та ҳужжат жойлаштирган ва унинг атиги 10 таси беркитилган. Бу жами ҳужжатнинг 7,1 фоизини ташкил этади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 259 та ҳужжатдан 24 тасини (9,2 фоиз) ва Наманган вилояти ҳокимлиги 242 та ҳужжатдан 23 тасини (9,5 фоиз) беркитган. Бу бошқа ҳудудларга нисбатан анча яхши натижа.