Kun.uz мухбирига кўра, 180га яқин вазирлик, ташкилотлар ва ҳокимликлар ахборот хизматлари қатнашган тадбирда АОКА, Журналистлар ижодий уюшмаси вакиллари ва депутатлар маъруза қилди.

Унда таъкидланишича, айни пайтда АОКА томонидан суҳбатдан ўтказилган жами 685 нафар матбуот котиби фаолият юритмоқда. Улар бугун ахборот майдонига тўғри, тезкор ва холис ахборот етказилишида муҳим бўғинга айланиб улгурди.

Тадбир давомида қатор журналистлар ҳам чиқиш қилиб, соҳадаги ислоҳот ва муаммоли бўлиб турган масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Бу борада Kun.uz мухбири:

  • Ўзбекистонда ахборот соҳасида йилдан йилга янги қонун ва қарорлар кўпайиб бораётгани, улар ОАВни эркинлаштиришга эмас, чегаралашга хизмат қилаётгани,
  • Kun.uz ва Azon.uz интернет нашрлари атрофида рўй бераётган воқеалар фонида эндиликда мўмин-мусулмонларни ҳайит байрами билан табриклаш учун ҳам экспертиза хулосаси  талаб этилиши мумкинлиги ва бу давлатнинг бош қомуси ва қонунларга қанчалик тўғри келиши;
  • шунингдек, соҳада АОКА ва Журналистлар ижодий уюшмаси фаолият юритаётган бир вақтда мамлакатдаги куч тузилмаларининг нега ОАВ ишига аралашиш ҳолатлари сақланиб қолаётганига эътибор қаратди.

АОКА директори Асад Хўжаев саволларга жавобан ўз фикрларини билдирар экан, уларнинг айримларини «риторик» деб атади.

«Биз ҳаммамиз мамлакатдаги қонунлар бўйича фаолият юритишимиз керак. Агар ҳуқуқий давлат қуриб, унда яшамоқчи бўлсак, қонунларга риоя қилишимиз керак.

Бу қонунларни Ўзбекистон халқи томонидан сайланган депутатлар қабул қиляпти. Уларнинг ишлаши, татбиқ этилиши бўйича, албатта, саволлар юзага келиши мумкин. Кимдир босим деб ўйлайди, кимдир эса хурсанд бўлади.

Бу қонунларга аввало давлат органлари, иккинчидан, журналист ва блогерлар риоя қилиши керак.

Ҳозир сўз эркинлиги берилган. Биз буни кўриб турибмиз. Интернетда ҳамма хоҳлаган фикрини айтяпти. Бу ерга чиқиб савол беришингиз ҳам унинг яққол ифодаси», – деди у.