23 май куни Паст Дарғом туманидаги текстил корхоналаридан бирида ишловчи 19 ёшли қиз иш вақтида зўрлангани, кейинроқ воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълум қилинишича, тумандаги текстил корхоналаридан бирида ишлаган 19 ёшли қиз М.Б. иш вақтида зўрланган. Қизнинг айтишича, у ўша куни тунги навбатчиликда ишлаётган бўлган. Корхона устаси келиб, ундан ташқарига чиқишни сўраган. Сўнг қўл-оёғини боғлаб, машинада корхона яқинида жойлашган қурилиши битмаган бино олдига олиб борган ва ўша ерда машина ичида зўрлаб, номусига теккан.
Мазкур ҳолат юзасидан гумондор 28 ёшли Ф.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур масала 23 июнь куни вилоят прокурори Равшан Машарипов ва сенатор Фармон Тошев бошчилигида, вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги брифингда муҳокама қилинди.

Брифингда вилоят прокурори Равшан Машарипов мазкур воқеадан телеканаллардан бирида кўрсатилган лавҳа орқали воқиф бўлгани, ишни ўз назоратига олганини айтиб ўтди. Сўнгра жиноят иши бўйича тергов қандай ташкил этилгани масалаларига тўхталди.

Йиғилишда вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси масъул раҳбарлари мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш очилиши тафсилотлари ва гумондорни ушлаш, терговнинг кетиши борасида умумий тарзда маълумот бериб ўтишди.
Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Зоҳид Бурҳонов ушбу жиноятни рўйхатга олиш ва тергов олиб боришда йўл қўйилган камчиликларни санаб ўтди.





















