Евро-2020. 1/8 финал
Уэльс — Дания — 0:4 (0:1)
Голлар: Дольберг, 27 (0:1). Дольберг, 48 (0:2). Меҳле, 88 (0:3). Брэйтуэйт, 90+4 (0:4).
Уэльс: Уорд, Б.Дэвис, К.Робертс (Н.Уильямс, 40), Родон, Мефам, Рэмси, Аллен, Жеймс (Брукс, 78), Моррелл (Уилсон, 59), Бэйл, Мур (Т.Робертс, 78).
Дания: Шмейхел, Кьер (Бойлесен, 77), Вестергор, Кристенсен, Стрюгер Ларсен (Андерсен, 77), Мехле, Дилэйни (Нергор, 60), Ҳейберг, Брэйтуэйт, Дольберг (Корнелиус, 69), Дамсгор (Йенсен, 60).
Огоҳлантиришлар: Родон, 26. Мур, 40. Брукс, 80. Бэйл, 90+3.
Четлатиш: Уилсон, 90.
Ҳакамлар: Зиберт. Зайдель, Фольтин (барчаси — Германия).
ВАР: Данкерт. Гиттельманн, Дингерт, Фриц (барчаси — Германия).
26 июнь. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони.
Россия ўрнига
Данияликлар ўрнида плей-оффда россияликлар ўйнаши мумкин эди. Аммо Россия термаси ҳал қилувчи ўйинда Данияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди, скандинавлар эса ўйиндан ўйинга кучаймоқда ва турнирда барчанинг диққатини ўзига қаратмоқда. Дания мухлислар кўз ўнгида порлади. Йўл оғир бошланди, Кристиан Эриксеннинг юраги хуруж қилганида жамоа шок ҳолатида аутсайдерга ютқазиб қўйди. Кейин жиддий ўсиш кузатилди — Дания Бельгия билан тенгма-тенг курашди, аммо Кевин де Брюйненинг индивидуал маҳорати туфайли яна ютқазди. Учинчи турда — Россия устидан узоқ кутилган ғалабага эришилди ва дастлабки турлардаги мағлубиятга қарамасдан, сенсацион равишда плей-оффга чиқилди. 1/8 финалда эса Уэльс устидан йирик ҳисобдаги ғалаба қайд этилди.
Дания термасини турнирдан аввал кўп нашрлар эҳтимолий қора тойчоқлар қаторида санаганди. Таркибда номлар бор, синовдан ўтган ва тўғри қўйилган тактика, замонавий лэптоп-мураббий Юлманн, сўнгги расмий ўйинлардаги юқори натижалар... Аммо плей-оффга Данияни ҳиссиётлар олиб чиқди — Эриксен билан содир бўлган даҳшатли воқеа мамлакатни бирлаштирди, Копенҳагендаги трибуналар Финландия ва Бельгияга қарши ўйинларда очко олинмагани адолатсизлик эканини ҳис қилиб турарди.
Юлманнинг ғояси
Даниянинг 1/8 финалдаги ғалабаси — тактика ва характер уйғунлашуви бўлди. Гиггз ва Пейж бошқарувида Уэльс содда ва барчага тушунарли бўлган, Бэйл ва Рэмсига эркинликлар берилган 4-2-3-1 схемасида ўйнаб, «стандартлар» ҳамда қарши ҳужумларга таянмоқда. Ўйин бошида уэльсликлар данияликлардан яхшироқ кўринаётганди — катта куч билан ҳужумлар уюштирилди, хусусан, марказдан ҳам. Бэйл доимий равишда марказроққа кўчиб ўйнади, икки бор тўпни эгаллаб олиб, Шмейхел дарвозаси томон хавфли зарбалар йўллади, Юлманн жамоаси эса таянч зонасида қийналди.


















