16:35 / 28.06.2021
8310

Ўзбекистон асали илк бор Хитой бозорига экспорт қилинди

Жорий йилнинг июн ойида Жиззахнинг "XIVA Honey" МЧЖ корхонаси табиий асални янги бозор – Хитойга экспорт қила бошлади. Экспорт Хитойнинг йирик дистрибюторлик компанияси билан асал етказиб бериш бўйича тузилган 500 минг долларлик шартнома доирасида амалга оширилган.

Мамлакатнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган қатор салмоқли тадбирлар (реклама-кўргазма) натижасида, қисқа муддат ичида ўзбек асалини Хитой бозорига олиб чиқиш имкони яратилди.

Мазкур имконият 2019 йил август ойида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида Ветеринария қўмитаси ва Хитой Бош божхона бошқармаси ўртасида ўзбек асалини Хитойга экспорт қилиш бўйича назорат, карантин ва ветеринария талаблари тўғрисидаги баённома имзоланиши билан бошланди. 2020 йил давомида Давлат ветеринария хизмати томонидан тақдим этилган материаллар текширилиб, Хитойга экспорт қилишдан манфаатдор асаларичилар текшируви ўтказилди. Натижада, Хитой божхона бошқармасидан 6 та ўзбек асаларичилик корхонасига табиий асал экспортига рухсат олинди.

2020 йилда ҳам ХХР энг йирик асал ишлаб чиқарувчи, истеъмолчи ва экспортчиси бўлиб қолди. Хитойда ҳар йили 305 минг тоннага яқин асал ишлаб чиқарилади. 2020 йилда Хитойнинг табиий асал импорти ҳажми 4,3 минг тонна (89 млн доллар)ни ташкил этди. Асосий экспортёрлар - Янги Зеландия, Австралия, Таиланд, Германия, Канада, Буюк Британия, Франция ва Россия. Ўзбек табиий асалининг Хитойга кириб келиши билан ХХРга асал экспорт қилувчи давлатлар сони яна биттага кўпайди.

Top