Ўзбекистон | 14:37 / 28.06.2021
3381
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда текширувчилар учун ўқитувчилардан пул йиғмоқчи бўлган мактаб директори ўринбосари ишдан бўшатилди

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида текширувчилар учун ўқитувчилардан 150 минг сўмдан пул йиғмоқчи бўлган мактаб директори ўринбосари ишдан бўшатилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилган. Мактаб директори томонидан текширувчилар учун 150 минг сўмдан пул талаб қилингани ҳақида аудио ёзувлар бўлса-да, бироқ мактабдаги ўқитувчиларнинг мактаб директорига пул маблағлари бермаганлиги ҳақидаги кўрсатмалари, мутахассисларнинг далолатномаси ҳамда вилоят ХТБнинг хизмат текшируви хулосасига кўра ўз тасдиғини топмаган.

Аммо, мактаб директори томонидан дарс вақтида ўқитувчиларга йиғилишлар ташкил қилингани ва қўпол муомалада бўлгани ҳолати ўз тасдиғини топган ва унга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилган.

Қайд этилишича, текширув натижасига кўра, прокуратура томонидан киритилган тақдимномага асосан, директор ва унинг икки нафар ўринбосарлари меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, пул йиғиш масаласини муҳокама қилганлиги сабабли директорнинг яна бир нафар ўринбосари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Мавзуга оид