Евро-2020. 1/8 финал
Франция — Швейцария — 3:3 қ.в. (0:1, 3:2, 0:0). Пенальтилар серияси — 4:5
Голлар: Сеферович, 15 (0:1). Бензема, 57 (1:1). Бензема, 59 (2:1). Погба, 75 (3:1). Сеферович, 81 (3:2). Гавранович, 90 (3:3).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Родригес, 55 (дарвозабон).
Пенальтилар серияси: Гавранович — 0:1. Погба — 1:1. Шер — 1:2. Жиру — 2:2. Аканжи — 2:3. Тюрам — 3:3. Варгас — 3:4. Кимпембе — 4:4. Меҳмеди — 4:5. Мбаппе — 4:5 (дарвозабон).
Франция: Льорис, Варан, Кимпембе, Павар, Лангле (Коман, 46. Тюрам, 111), Погба, Рабьо, Канте, Бензема (Жиру, 93), Гризманн (Сиссоко, 88), Мбаппе.
Швейцария: Зоммер, Родригес (Меҳмеди, 87), Видмер (Мбабу, 73), Эльведи, Аканжи, Шақири (Гавранович, 73), Чака, Цубер (Фасснахт, 79), Фройлер, Сеферович (Шер, 97), Эмболо (Варгас, 79).
Огоҳлантиришлар: Варан, 30. Эльведи, 32. Родригес, 62. Чака, 76. Коман, 88. Павар, 91. Аканжи, 108.
Ҳакамлар: Рапаллини. Белатти, Бонфа (барчаси — Аргентина).
ВАР: Мартинес Мунуэра. Приэто Лопес де Сераин, Эрнандес-Эрнандес (барчаси — Испания), Иррати (Италия).
28 июнь. Бухарест. «Миллий» стадион.

Фаворитнинг кутилмаган қийинчиликлари
Европа чемпионати стартига қадар Франция яққол фаворит сифатида кўрилаётганди. Бу мантиқий эди: амалдаги жаҳон чемпионлари ўтган уч йил ичида Россиядаги триумф иштирокчиларидан ҳеч бирини йўқотмади, аксинча янада кучайди. Мбаппе улғайди, Канте фаолиятида яна бир кучли мавсумни ўтказди, Погба ҳам катта бола бўлди ва босиқ ўйнай бошлади, Бензема терма жамоага қайтди. Кузда «Уч ранглилар» Миллатлар лигаси гуруҳида осонлик билан ғалаба қозониб, «тўртлар финали»га чиқишди.

Гуруҳ босқичидан кейин Дидье Дешам шогирдларида ўзига ишонч мустаҳкамланганди. Португалия, Германия ва ҳеч қандай рақибдан тап тортмайдиган Венгриядан иборат гуруҳда французлар биринчи ўринни эгаллашди. Гуруҳ босқичидан фақат Туркия бўш ўйин кўрсатгани эвазига учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқа олган Швейцария французларга жиддий муаммо туғдиришини ҳеч ким кутмаётганди.

Иш бермай қолган тактика
Бу шундай ҳолатки, иш бериб турган тактикани ўзгартириб бўлмасди. Дешам даврида Франция ҳеч қачон ёрқин ўйин кўрсатмаган, аммо ҳамиша сифатли ўйин ва натижа кўрсатиб келинган. Асосий сабаблардан бири — ҳамма учун тушунарли бўлган тизимда. Қарши ҳужумларга урғу берилган ўйин, майдон марказини зичлаб ёпиш, тўрт ҳимоячи қўйилган схема — муваффақиятнинг классик рецепти.