Айни пайтда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул давом этмоқда. Абитуриентлар учун ҳозир имтиҳон ўтказувчи ваколатли ташкилот – Давлат тест марказининг ҳар бир янгилиги муҳим. Шу сабаб Kun.uz ва Xpress.uz нашрлари ҳамкорликда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов билан интервью ташкил қилди.

— Мажид ака, охирги пайтларда жамоатчиликка, ОАВга кам кўриниш беряпсиз. Бунинг сабаби нима?

—Бунинг асосий сабаби пандемия билан боғлиқ. Ёшим катта бўлгани учун борадиган жойларга ўйлаб боряпман. Тўғри, шунда ҳам кўп жойларга бораман, лекин ҳаммаси график билан.

— Охирги пайтларда турли ташкилотлар имтиҳон ўтказиб бериш ваколатини Давлат тест марказига юклаяпти ва «адолатли бўлиши учун тестни ДТМ ўтказгани маъқул» деган ибора кўп ишлатиляпти. Буни, сизнингча, тест тизимига ишонч сифатида баҳолаш мумкинми?

—Ҳозир фақат ташкилотларнинг эмас, халқнинг ҳам тестга нисбатан фикри ўзгарди, озгина бўлса ҳам ишонч шаклланди. Бундан жуда хурсандмиз. Очиқлик 2017 йилнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлса, олдинда ҳали ҳам қилинадиган ишлар жуда кўп.

Ҳозирги мақсадимиз фақат ёзда маълум кунларда эмас, болаларни қийнамасдан уларга қулай бўлган муддатларда йил давомида имтиҳон ўтказиб бориш тизимини жорий қилишдан иборат.

Аслида, ОТМларда жойлар етарли бўлганда бизга эҳтиёж ҳам бўлмасди. ОТМлар сони, қабул квоталари камлиги сабаб саралаш талаб қилинади. Шунинг учун ҳам ҳозир имтиҳонлар шаффоф ва адолатли бўлиши учун уларни катта сиғимли биноларда ўтказиш маъқул бўляпти. 2016 йил ва ундан олдинги йилларда эса тест имтиҳонлари 2 мингдан ортиқ биноларда ўтказиларди.

Давлат тест маркази

—ДТМ одамлар ишончини нималар ҳисобига қозоняпти деб ўйлайсиз?

—Биринчидан, тестлар катта сиғимли биноларда ўтказила бошланди.

Иккинчидан, имтиҳонлар онлайн трансляция қилина бошланди. Олдинлари бинолар кўплиги ҳисобига ва интернет муаммолари туфайли бунинг имкони бўлмаган. Ҳозир ихтиёрий пайтда ихтиёрий гуруҳни камера орқали кузатиб туриш мумкин бўлган.