Kun.uz мухбири бу борада кутилаётган қийинчиликлар, соҳага янги технологияларни жалб қилиш ва умуман, сув муаммоларига мослашиш жараёнлари борасида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов билан интервью уюштирди.
Интервью аввалроқ эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.
— Охирги вақтларда Орол денгизи суви ядровий портлашлар сабаб Каспийга оқиб кетган, деган фаразлар ўртага чиқа бошлади. Сизнингча, бу қарашлар қанчалик асосли?
— Мен бундай деб ўйламайман. Чунки ўша пайтларда бундай катта миқёсдаги ядро синовлари ўтказилмаган. Дейлик, Орол яқинида шунга ўхшаш қандайдир портлашлар бўлганда ҳам, унинг таъсирида 100 метр ёки ундан каттароқ ғорлар ҳосил қилиши ҳақиқатдан узоқ. Бунинг илмий жиҳатдан ҳам исботи йўқ.
Табиатда вақти-вақти билан қандайдир тектоник ўзгаришлар, ёриқлар пайдо бўлиб туради.
Сув ҳар доим бўшлиққа, пастликка қараб ҳаракат қилади. Бу сув қонуни. Орол эса Каспий денгизига нисбатан баландда жойлашган. Тарихда Оролдан тошган сувнинг Каспийга қараб оққанига оид маълумотлар ҳам бор. Лекин бу Оролнинг қуришига айнан портлашлар сабаб, дегани эмас.

— Ҳозир Оролнинг қуриб қолган миллионлаб гектар қисмини қум ва заҳарли тузлар қоплаган. Бу қум ва тузларнинг атрофдаги ҳудудларга кўчишининг олдини олиш борасида муайян ишлар қилиняпти. Масалан, саксовулзорлар.
Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини қоплаб олаётган шўрланишга қарши қандай курашиш мумкин?
—Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонларининг салкам 50 фоизи турли даражада шўрланган. Бу майдонларда намгарчилик сақланса, шу ҳолатда ушлаб туриш мумкин.

















