Тошкент шаҳрининг 28та нуқтасида тезликни назорат қилувчи 28та фоторадар ишламоқда. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси уларнинг рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, пойтахтдаги энг кўп фоторадар Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Яшнобод туманларида (5тадан) ўрнатилган; Юнусободда 4та фоторадар ишлаб турибди.

ЙҲХББ пойтахтдаги интеллектуал режимда ишловчи камералар рўйхатини ҳам тақдим этди.

Унга кўра, айни пайтда Тошкентда бундай турдаги 89та камера бор. Улар 5 турдаги қоидабузарликларни (светофор қизил чироғида ўтиш, тўхташ чизиғини босиш, йўл чизиғини босиш, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш) қайд этади.

Энг кўп камера Чилонзор туманида ўрнатилган – 20та. Шайхонтоҳурда 17та, Яшнободда 12та ва Юнусобод йўлларида 10та камера бор. Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида 7тадан, Олмазорда 5та, Яккасарой 4та, Мирободда 3та, Сергели ва Бектемир йўлларида эса 2тадан камера жойланган.

Рўйхатдаги радар ва камераларнинг жойлашуви Sherzod Sh. исмли фойдаланувчи томонидан Google-харитага ҳам жойланган.

https://www.google.com/maps/d/embed?mid=1sA3XsvkJJhVidYdCKoWVC6ObLFt-Lgxs

ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, юқорида келтирилган маълумотлар шу кунгача давлат томонидан ўрнатилган радар ва камераларга тегишли бўлиб, тадбиркорлар томонидан ўрнатиладиган камера ва радарларга алоқадор эмас.

ЙҲХББ расмийсининг қўшимча қилишича, келгусида юқоридаги каби маълумотларни вилоятлар бўйича ҳам эълон қилиб бориш мақсад қилинган.

Радар ва камералар манзилларининг очиқланиши ўтган ойда қабул қилинган очиқлик ҳақидаги президент фармонида кўзда тутилганди