150 йилдаги энг жазирама ёз. Умуман, Ўзбекистонда охирги 5 йилнинг 3 йилида сўнгги 150 йилдаги энг иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бироқ, афсуски, республиканинг қаерида бўлманг, шундай шароитда ҳам очиқ ҳавода, қуёшнинг аёвсиз қиздириши остида ишлаётганларга барчанинг кўзи тушмоқда.

Бундай жазирама об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода ишлаш тартиби қонунчиликда белгиланганми? “Аномал об-ҳаво” тушунчаси миллий қонунчиликда акс этганми? Қандай ҳаво ҳарорати инсон саломатлиги учун хавфли саналади? Бундай ҳолатда иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабат қандай тартибга солинади?

Kun.uz юқоридаги саволлар билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги техник инспектори Дилмурод Ҳусановга мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кузатилаётган юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида корхоналарда ишлаш тартиби микроиқлим бўйича санитария қоидалари ва меъёрларига амал қилган ҳолда белгиланади.

“Корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари 0324-16-сон СанҚваМ талаблари асосида бўлиши лозим. Енгил, яъни I тоифадаги ишлар (иш жараёни ўтирган ҳолда бажариладиган, жисмоний оғирлик талаб этилмайдиган ишлар тоифаси)да ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 24-27 даражани, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоизни ташкил этиши лозим. Бунда ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/с.дан ошмаслиги керак.

Ўрта оғирликдаги ҳисобланувчи II категорияли ишлар (иш ўтирган ва қисман юрган ҳолда, 1 кг.дан 10 кг.гача бўлган буюмларни кўтариш билан амалга оширилади) бажарилганда ҳаво ҳарорати 22-25 даражани, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/с.дан ошмаслиги белгиланган.

Оғир сифатида таснифланган III категорияли ишлар (иш доимий ҳаракатда, 10 кг.дан юқори бўлган юкларни кўтариш)ни бажарганда, ҳаво ҳарорати 21-23 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 бўлиши таъминланиши қоидаларда белгиланган. Ҳаво ҳаракати тезлиги 0,4 м/с.дан ошмаслиги лозим”, – дейди Дилмурод Ҳусанов.