Жаҳон | 16:20 / 10.07.2021
10783
2 дақиқада ўқилади

Атамбоев туркияликларга ноқонуний равишда қирғиз паспортларини беришда гумонланмоқда

Маълумот берилишича, фуқаролик бериш бўйича қарор Қирғизистон президенти ҳузуридаги фуқаролик ишлари бўйича комиссия томонидан қабул қилинган, фармонга эса Атамбоев имзо чеккан. Натижада ўн нафар Туркия фуқароси қирғиз паспортига эга бўлган.

Фото: РИА Новости

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев яна бир жиноят иши бўйича терговга тортилиши мумкин: Бишкек ички ишлар бош бошқармаси 2016 йилда Туркия фуқароларига ноқонуний равишда Қирғизистон паспортлари берилиши бўйича суриштирув бошлади.

Маълумот берилишича, фуқаролик бериш бўйича қарор Қирғизистон президенти ҳузуридаги фуқаролик ишлари бўйича комиссия томонидан қабул қилинган, фармонга эса Атамбоев имзо чеккан. Натижада ўн нафар Туркия фуқароси қирғиз паспортига эга бўлган.

2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг Туркия ҳукумати Қирғизистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен фонди муассислигидаги "Себат" лицейи республика хавфсизлигига таҳдид солишини билдирган ва уларни ёпишни тавсия қилганди.

Қирғизистон лицейларни ёпмасликка, аммо уларнинг номини "Сапат" деб ўзгартириш, низомига ўзгартиришлар киритиш ҳамда муассислар таркибига мамлакат таълим вазирлигини ҳам киритишга қарор қилди.

Туркия фуқароси Ўрхан Инандa "Себат" лицейлар тармоғи ва "Отатурк-Ала-Тоо" университети асосчиси ҳисобланади. У 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган.

2 июн куни Қирғизистон ОАВ Инанданинг қариндошлари у йўқолиб қолгани тўғрисида милицияга ариза билан мурожаат қилишгани ҳақида хабар берди. 5 июлда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Инанда махсус операция натижасида ушланиб, Туркияга олиб келинганини маълум қилди.

6 июлда Қирғизистон президенти ҳукумат Туркиядан Инанданинг қайтарилишини талаб қилишини айтган.

Мавзуга оид