Жамият | 14:45 / 10.07.2021
15006
2 дақиқада ўқилади

“Бу касб – болаликдаги орзум” — минорали кран бошқараётган навоийлик қиз

Навоий шаҳри марказидан туриб атрофга боқсангиз, кўп қаватли бинолар қуриш учун тикланган ўнлаб минорали кранларга кўзингиз тушади. Ўшалардан бирини кран машинисти Шодиёна Сайдуллаева бошқаради.

Шодиёна уч йил мобайнида иккита кўп қаватли уйни қуришда бевосита иштирок этган. У ҳатто йигитлар чиқишга ҳайиқадиган баландликка ҳар куни 5-6 марта чиқиб-тушади.

Ҳар бир инсон ёшликдан бирор касбни эгаллашни мақсад қилади. 3 нафар акаси билан бирга ўйнаб катта бўлган Шодиёна ҳам болаликдан машиналарга меҳр қўйган. Имкон топилди дегунча дадасининг “Москвич” машинасини ҳайдаб қолган экан.

“Дадамнинг машинасини бир неча марта деворга, дарахтга уриб олганман. “Москвич” бўлгани учун кўп шикаст етмаган. Дадам мендан безор бўлгач, машинасини сотиб юборганди.

Умуман олганда, ёшлигимдан темир-терсакка қизиққанман. Катта юк машиналарни, баҳайбат кранларни кўрганимда уларни бошқаришни орзу қилардим. Мана, орзумга етдим – минорали кран бошқаряпман.

Кранга чиқиб-тушишдан қўрқмайман. Бу мен учун оддий машғулот бўлиб қолган. Баланддан туриб шаҳарни кузатиш доимо қизиқарли”, – дейди у.

Ота-она фарзандининг хавфсизлигини ўйлайди. Шодиёна ҳам бу касбни эгаллашини айтганида ота-онаси норози бўлган. Аммо у шаштидан қайтмаган, устозидан минорали кран бошқаришни ўргангач, соҳада ўқиб, гувоҳнома олган.

“Яқинда, 30 июнь куни президент фармонига кўра “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Медални кўксимга шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари тақиб қўйдилар. Қайси касб эгаси бўлманг, ҳалол меҳнат қилсангиз, албатта меҳнатингиз эътироф этилар экан”, – дея таъкидлайди Шодиёна Сайдуллаева.

Шодиёнанинг иш куни асосан кран устида ўтади. У ҳали кўплаб баланд бинолар қурилишида иштирок этиш ниятида.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид