Оила бошлиғи Рустам Эгамуродов – нафақада бўлишига қарамай, бир неча хил касб орқасидан оила тебратади. У ота-онасидан айрилган чин етим болаларни ўз қарамоғига олган. Ҳозирги кунда оилада 10 нафар бола тарбия топяпти.
“Ҳозирча 10 нафар болани уйимда ўз тарбиямга олганман. Билмадим, болаларга бўлган меҳрим Аллоҳдан бўлса керак. Ўғлим лейтенант бўлгандан кейин пенсияга чиқдим. Кичкина ўғлимни ўқитаман, дегандим, афсуски, ўспиринлигида вафот этди. Шундан сўнг аёлим қаттиқ тушкунликка тушди, уйимиз ҳувуллаб қолгандек бўлди. Биласизми, бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман.
Кейин бола асраб олсак-чи, деган фикр келди. Аёлим билан маслаҳат қилдик, фақат қиз, ўғил бола эмас, деган қарорга келдик. Чунки ўғил бола барибир иккимизга ҳам ўз фарзандимизни эслатади, унинг ҳар бир ҳаракатини ўғлимга қиёслаб кўнглимиз эзилиши мумкин. Шу сабаб 2012 йилдан бошлаб ота-онаси йўқ қизларни асраб ола бошладик.
Биринчи қизим Гулноза шу тарзда оиламга кириб келди. Уни асраб олиш тарихи ҳам ўзгача. Болалар уйига борганимда бир қиз ҳаммадан айри бўлиб бир чеккада ўтирарди, менга тавсия этишган қизалоқни олиб келишганда: “Йўқ, ҳув четда ўтирган қизалоқни беринглар”, дедим. Ҳозиргача шу қизим ўз ёшида оғир атлетика ва бокс бўйича икки карра вилоят чемпиони бўлди.
Кўп одамлар: “Сенга нима керак бош оғриғи”, деб айтади. Уларга эса менинг айтадиган гапим йўқ, шарт ортимга буриламан-кетаман. Ақли бор одам шу гапни айтиши мумкинми?” – дея сўзлайди қаҳрамонимиз.
Рустам Эгамуродов суҳбат давомида ўзининг кундалик иши, катта бир оиланинг рўзғор ташвишлари ҳақида ҳам ҳикоя қилди.

“Юқорида ҳам айтгандим, катта ўғлим бор, унинг оиласи, невараларим бор. Ўғлим ҳам укалари учун ёрдам бериб туради.
Бундан ташқари, уйда деҳқончилик қиламиз, шу ердан чиққан маҳсулотлар билан қишлик ғамлаймиз. Оғилда озроқ қўй боқамиз, гўшт ҳам ўзимиздан чиқади. Давлат томонидан эса ёрдам ҳозирча йўқ, чунки биз Тошкент вилоятида бола асраб олиб улғайтирадиган биринчи оиламиз.
Оилавий болалар уйи яратиш тўғрисида 2007 йилда қарор чиққан. Оила барибир яхши-да, бир томондан меҳрибонлик уйларида давлат миллиардлаб маблағ сарф этади, иккинчи томондан, унинг тарбияси, шахс сифатида улғайиши оилада яхшироқ кечади. Агар статистикага қаралса, “зона”дагиларнинг ярмидан кўпи – меҳрибонлик уйларидан чиққанлар...










