Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги июль ойида камида бешта Damas-2 D13 русумли махсус автомашиналарни харид қилиш бўйича шартнома тузди (1; 2; 3; 4; 5).

Мазкур автотранспортлар учун вилоят бюджетидан 245 млн сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Бу ҳақда давлат харидлари порталида жойланган маълумотларга davletovuz Telegram-канали эътибор қаратди.

Гап шундаки, шу пайтга қадар тез тиббий ёрдамда “Дамас” автомобилларидан бутунлай воз кечиш режалаштирилаётгани бир неча марта айтилганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам “Дамас”ларда тез ёрдам учун шароитлар етарли эмаслигини айтиб, 2021 йилгача “Дамас”лардан тўлиқ воз кечилиши, талаб даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилишини таъкидлаганди.

Kun.uz мухбири масала юзасидан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан боғланди.

“Айни пайтда коронавирус эпидемияси яна авж олган маҳалда бу автотранспортларга эҳтиёж бор. Лекин улардан беморларни ташиш учун фойдаланиш кўзда тутилмаган.

Сурхондарё вилоятидаги айрим туманларда аҳоли тарқоқ ҳолда жойлашган. Ана шундай ҳудудлар учун мобил бригадалар ташкил қилишни кўзда тутганмиз. Ҳар 100 минг аҳолига 1 та мобил бригада хизмат қилади. Бу ўз навбатида касалхоналардаги юкламани ҳам камайтиришга хизмат қилади.