Қайд этилишича, жорий йил 1-3 июль кунлари Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳудудида жойлашган болалар ёзги оромгоҳларида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш жараёнида аксарият оромгоҳларда турли камчиликлар аниқланган. Жумладан, уларда ободонлаштириш ишлари талаб даражасида бажарилмагани, болаларга овқат тайёрлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда санитария талабларига риоя этилмаётгани қайд қилинган.

Таъкидланишича, жорий йил 6 июль куни вилоят ҳокимлигида санитар соати ўтказилган ва унда болалар ёзги оромгоҳларидаги ҳолатлар муҳокама қилинган. Муҳокамада масъулларга камчиликларни бартараф этиш учун бир ҳафта муддат берилган ҳамда оромгоҳлардаги ҳолат яна қайта ўрганилиши белгиланган.
Бугун 11 июль куни Мирзо Ихтиёров бошчилигидаги вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи Ургут туманида жойлашган «Баҳора» болалар ёзги дам олиш лагерига борган. Аммо Миллий гвардия ходимлари уларнинг оромгоҳга киришига рухсат бермаган. Маълум бўлишича, ушбу оромгоҳ «Samarqand Don Mahsulotlari» АЖ томонидан янги қурилаётган бўлган.
«Мамлакат ичидаги мамлакат! Ургут туманидаги «Баҳора» болалар ёзги дам олиш оромгоҳига вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи ходимлари киритилмади. Миллий Гвардия Қўриқлаш бўлими ходимлари коинотга оид ҳужжатларни талаб қилишди. Ургутдаги оромгоҳларда эга йўқ. Улар вилоят Кенгаши депутатларини ҳам, вилоят ташкилотларини ҳам бир тийинга олмайди. Айниқса, Миллий Гвардия Қўриқлаш бўлими ходимлари ҳеч кимни ва ҳеч нарсани тан олмайди. Л. Яхшиликов тугул Республика қўмондонига мурожаат қилсангиз ҳам бир тийин. Оромгоҳ вилоят дон маҳсулотлари ташкилотига қарашли», деб ёзади Мирзо Ихтиёров ўзининг телеграм-каналида.











