Ўзбекистон | 17:58 / 13.07.2021
3059
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда маст ҳолда машина бошқариб, қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди

Қашқадарё вилояти Китоб туманида маст ҳолда машина бошқариб, қизнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Китоб туманида яшовчи З. Мирзаев маст ҳолда машина бошқариб бораётиб, йўлда йўловчи сифатида қўл кўтарган М.Қодировани автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазган.

Қиз ҳайдовчининг маст эканлигини билгач, Китоб шаҳри маркази яқинида тушиб қолмоқчи эканини айтган. Бироқ З. Мирзаев машинани тўхтатмаган. Маст ҳайдовчининг ғайритабиий хатти-ҳаракатларидан қўрқувга тушган қиз катта тезликда ҳаракатланиб кетаётган машина салонидан ўзини ерга отган. Ҳайдовчи тан жароҳатлари олган қизга ёрдам бермасдан, воқеа жойидан қочиб кетган.

Йўл четида жароҳат олиб ётган М.Қодировани бошқа йўловчилар шифохонага олиб боришган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, оғир тан жароҳатлари олган қиз шифохонада вафот этган.

Тезкор суриштирувда З.Мирзаев тезда топилган ва унда машинани бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани аниқланган.

Қайд этилишича, З. Мирзаевга нисбатан Жиноят кодексининг 117-моддаси иккинчи қисми ва 266-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган ҳамда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга оширилган.

Таъкидланишича, суд ҳайьати З. Мирзаевга нисбатан муайян муддатга озодликдан маҳрум этган ҳолда жабрланувчиларга етказилган 55 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириш жазосини тайинлаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид