09:56 / 17.07.2021
1954

Самарқанддаги Университет хиёбонини таъмирлаш лойиҳаси муҳокама қилинди. 2 йил аввал жамоатчилик бу ишга қарши бўлганди

Самарқанд шаҳридаги машҳур Университет хиёбонини таъмирлаш лойиҳаси эълон қилинган. Унга кўра, хиёбоннинг асл ҳолатини сақлаган ҳолда таъмирлаш таклиф этилган. Б ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, вилоят қурилиш бош бошқармасида журналистлар, блогерлар, депутатлар, партия фаоллари, маҳалла раислари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонининг янгиланадиган қиёфаси бўйича лойиҳа таклифлари муҳокама қилинган.

Муҳокама жараёнида хиёбон ҳудудида янги экиладиган дарахтлар турларини мавжудларига мос бўлишини таъминлаш, ариқ ва зовурларни тартибга келтириш масалалари кўриб чиқилган. Бундан ташқари хиёбон атрофида жойлашган биноларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда қайта таъмирлаш ишлари муҳокама қилинган.

Муҳокамада иштирок этганлар тарихий аҳамиятга эга хиёбонда савдо дўконлари бўлмаслиги, таъмирлаш ишларида енгил техникалардан фойдаланиш, экологлар назоратида дарахтларга зарар етказмасдан ишларни олиб бориш бўйича қатор таклифлар билдирилган. Шунингдек, хиёбонда тунги чироқлар ва чиқинди ташлаш жиҳозларини янгилаш орқали хиёбоннинг асл ҳолатини сақлаб қолиш бўйича ҳам таклифлар берилган.

Билдирилган таклифлар депутатлар ва масъуллар томонидан ёзиб олиниб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритилиши белгиланган.

Қайд этилишича, президентнинг 2021 йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи якуни билан тасдиқланган режага асосан, масъулларга уч ойда Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонини ободонлаштириш бўйича режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг «Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Қарорда Университет хиёбонида пиёдалар учун аллея ва туристлар дам олиши учун шароит яратиш (Wi-Fi зоналар, замонавий ёритиш, велойўлак ва югуриш учун йўлаклар ва бошқалар) ҳам белгиланганди.

Ундан бироз аввалроқ, 2019 йилнинг июнь ойида Самарқанд шаҳрида жамоатчилик вакиллари Университет хиёбонида бошланган таъмирлашга қарши эканлигини, ишлар дарҳол тўхтатилишини талаб қилиб, ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилган эди. Ўшанда улар таъмирлаш ишлари баҳонасида хиёбондаги дарахтлар кесиб ташланишидан хавотир билдирган ва бу ерда ҳатто енгил конструкцияли биноларнинг қурилишига ҳам қарши бўлганди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари матбуот анжумани ўтказиб, хиёбонда таъмирлаш ишлари ўтказилиши жараёнида бирорта ҳам дарахт кесилмаслигини билдирганди.

Top