Унинг сўзларига кўра, қочқинлар Афғонистон билан чегара яқинида жойлашган Тожикистон Мудофаа вазирлигининг дала-ўқув майдонларига жойлаштирилиши мумкин. Заруратга қараб ундан ҳам кўпроқ афғонистонликларга ёрдам берилиши кўзда тутилган.
“Халқаро ташкилотлар билан биргаликда афғон қочқинларини қабул қилиш бўйича мавжуд имкониятимизни ўрганяпмиз”, дея Имомали Иброҳимзодадан иқтибос келтирмоқда ОАВ.
Тожикистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси ўринбосарининг маълум қилишича, тез орада Кушониён ва Хоруғда қочқинлар учун мўлжалланган чодирлар, кўрпа-тўшаклар, гигиена воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган иккита омборхона ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатда қочқинлар учун махсус лагерлар барпо этилмоқда.
Имомали Иброҳимзоданинг таъкидлашича, июль ойида Тожикистон толиблар ҳужумидан қочиб мамлакат ҳудудига ўтган мингдан ортиқ Aфғонистон фуқароларини қабул қилган. Қочқинларга вақтинчалик уй-жой, тиббий ёрдам, кунига учта иссиқ овқат, чойшаб ва ошхона анжомлари берилган. Мулозим сўнгра афғонистонликлар Кобул ва Мозори-Шарифга ўн битта чартер рейслари билан қайтариб юборилганини маълум қилди.
Аввалроқ Тожикистоннинг Хатлон вилояти ҳудудида афғон қочқинлари учун вақтинчалик база барпо этилиши, бунинг учун вилоятнинг Жайҳун тумани ҳудудидан махсус жой ва ҳудудий бюджетдан керакли сумма ҳам ажратилгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиши ортидан толиблар мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда. Аксарият тўқнашувларда афғон ҳукумат қўшинлари «Толибон»га мағлуб бўлмоқда ва жон сақлаш қолиш учун ҳудуддаги тинч аҳоли билан биргаликда қўшни давлатлар ҳудудига чекинишга мажбур бўлмоқда









